Самарқандда ёшлар медиа маркази очилди
Шаҳардаги Ёшлар марказида ташкил этилган медиаолам Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги томонидан замонавий техника ва компьютер жамланмалари билан таъминланди.
Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев медиа марказ бугунги ахборот асрида ёшларнинг бу борадаги қизиқиш ва интилишларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилишини таъкидлади.
- Ўзбекистон жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетида ўқиш жараёнида амалиёт ўташ мақсадида телевидениега борардик, - дейди Самарқанддаги “Ёш журналистлар мактаби” раҳбари, медиа марказ ташкилотчиси Наима Пўлатова. – У ерга кириш учун соатлаб кутган пайтларимиз бўлган. Бугун эса бу муаммоларга ечим бор. Нафақат пойтахтда, балки вилоятимиз марказида ҳам бўлажак журналистлар амалиёт ўташлари учун имкониятлар яратилмоқда. Марказда суҳбатлар ўтказиш, кўрсатувлар тайёрлаш учун студия ташкил этилди. Бу марказдан ижодкор ёшлар, журналистлар, блогерлар, ахборот технологияларига қизиқувчи йигит-қизлар бемалол фойдаланиши мумкин.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА