Самарқандда ёшлар фестивали
Самарқанд шаҳрида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида вилоят ёшлар фестивали бўлиб ўтди.
Тадбирлар шаҳардаги Амир Темур, Алишер Навоий ва Мирзо Улуғбек ҳайкаллари пойига гуллар қўйиш билан бошланди.
Шундан сўнг кун давомида олий ўқув юртлари, спорт масканлари, боғ ва хиёбонлар, маданият муассасаларида танлов ва интеллектуал ўйинлар, спорт мусобақалари, ёш тадбиркорлар билан учрашувлар, ҳарбий-ватанпарварлик лойиҳалари, кам таъминланган оила фарзандларининг туристик марказларга саёҳатлари, меҳнат ярмаркалари ўтказилди.
Тадбирлар доирасида Самарқанд шаҳридаги умумий ўрта таълим мактабларини аъло баҳоларга тамомлаган битирувчиларга олтин ва кумуш медаллар топшириш маросими =ам бўлиб ўтди.
Маълумотларга кўра, бу йил шаҳардаги умумий ўрта таълим мактабларини 7239 нафар ўқувчи битирди. Уларнинг 407 нафари олтин, 20 нафари кумуш медалга сазовор бўлди. Аълочи ўқувчиларни Олий Мажлис Сенати аъзолари Рустам Холмуродов, Фармон Тошев, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбарияти, фаоллар табриклаб, уларга катта ҳаётда оқ йўл тиладилар.
[gallery-17959]
Тадбирда ўқувчиларнинг устозларига қимматбаҳо совға ва пул мукофотлари топширилди.
Сартепадаги спорт мажмуасида қизлар ўртасида бадиий гимнастика ва ёш спортчилар жамоалари ўртасида футбол мусобақалари очилишида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши раиси С.Рафиқов, вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Ш.Рўзиев иштирок этиб, иштирокчиларга муваффақият тилади.
Вилоятдаги олий ўқув юртларида ўқувчилар ўртасида вилоят ҳокими фан олимпиадаси ўтказилди. Унда барча туман ва шаҳарлардан келган иқтидорли ёшлар қатнашди. Жумладан, Самарқанд давлат тиббиёт университетида кимё фани бўйича олимпиадада элликка яқин 10-11-синф ўқувчисининг билими синовдан ўтказилди.
Натижаларга кўра, 10-синф ўқувчилари ўртасида биринчи ўринни Пахтачи туманидаги 37-мактаб ўқувчиси Зулфияхон Махсиддинова, 11-синф ўқувчилари ўртасида эса Пайариқ туманидаги 14-мактаб ўқувчиси Оловуддин Абдураимов эгаллади.
Ўқувчиларга диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Шаҳардаги “Ватанпарвар” боғида тарғибот ва спорт тадбирлари ўтказилди.
– Ҳарбий қисмимизда ёшлар ойлиги давомида ҳар куни “Очиқ эшиклар куни”, турли кўргазма ва бошқа тадбирлар ўтказиб келинмоқда, – дейди подполковник Азамат Соатов. – Бундан ташқари, ҳарбий хизматчиларимиздан иборат тарғибот гуруҳи чекка туманларга чиқиб, ёшларга миллий армиямизнинг салоҳияти, ҳарбийлик, ҳарбий хизмат ҳақида тушунча бермоқда. Кўргазма ва учрашувлар ўтказяпмиз. Бугунги кўргазмада ҳам ўттиздан ортиқ ҳарбий қурол-аслаҳа ва техникаларни намойиш этдик.
Тадбирда ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари орасида “Ёш шахматчи”, “Темур тузуклари билимдони” ва иншолар танловлари ўтказилди.
Ёшлар фестивали доирасида Самарқанд шаҳридаги муз саройида ҳаваскор ёшлар ўртасида, IT Park Самарқанд филиалида эса ахборот технологиялари билимдонлари иштирокида “Robotech-2024” робототехника мусобақалари бўлиб ўтди.
Фестиваль тадбирлари якунида “Янги Ўзбекистон” боғида катта концерт дастури намойиш этилди.
Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этиб, самарқандлик ёшларни қутлади. Вилоятнинг фаол ёшлари ҳамда ёшларни қўллаб-қувватлаб келаётган ташкилотлар вилоят ҳокимлиги томонидан муносиб тақдирланди.
Концерт дастури таниқли санъаткорларнинг чиқишлари билан давом этди ва мушакбозлик билан якунланди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари