Самарқандда халқаро автовокзал қурилмоқда
Самарқанд шаҳрининг Чўпонота тепалиги ҳудудида кунига юздан ортиқ автобус, 200 та микроавтобус ва 300 та енгил автомобиль ҳаракатланадиган йирик халқаро автовокзал бунёд этилмоқда.
А-37 автомагистрали йўли ёқасида жойлашган мазкур объектнинг умумий майдони 6 гектарни ташкил этади. Мажмуада кутиш зали, касса ва умумий овқатланиш нуқталари, тиббий ёрдам пункти, кўнгилочар масканлар ва бошқа савдо ва маиший хизмат шохобчаларини ўз ичига олган уч қаватли автовокзал, меҳмонхона, автобуслар, микроавтобус ва автомобиллар учун тўхташ жойлари, йўналишсиз такси зоналари, автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш масканлари бунёд этилмоқда.


– Лойиҳанинг умумий қиймати 135 миллиард сўмни ташкил этади, – дейди лойиҳа ташаббускори – “SXF Camping” МЧЖ иш бошқарувчиси Шоҳрух Рафиев. – Ўтган йил бошланган қурилиш ишларини жорий йилда якунлаш режалаштирилган. Янги автовокзал Самарқандни Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари билан боғлайди. Шунингдек, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа давлатларга ҳам автобус қатновларини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Мазкур объектнинг қурилиши Самарқанд вилояти туманлари ва шаҳарлараро йўналишлардаги транспорт воситаларининг шаҳарга кирмасдан автовокзалгача қатновини таъминлаб, Самарқанд шаҳрида транспорт воситалари ҳаракатини тартибга солиш, тирбандликларнинг олдини олишга ёрдам беради. Эътиборлиси, мажмуада 1000 дан ортиқ иш ўрни яратилади.
“SXF Camping” келгусида Ўзбекистон бўйлаб 12 та автовокзалдан иборат тармоқ қуришни режалаштирган.




Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА