Самарқандда Француз олий муҳандислик мактаби ташкил этилади
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга давлат ташрифи чоғида Самарқанд вилояти делегацияси Ницца шаҳрида шаҳар маъмурлари ва тадбиркорлик субъектлари, халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ўтказди.
Жумладан, халқаро Франкофония ташкилоти директори Янн Либрати билан учрашувда Самарқанд халқаро технология университети ректори Юсуф Абдуллаев ҳам иштирок этиб, мазкур ташкилот ва университет ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича музокаралар ўтказди.
Музокаралар якунида Самарқанд халқаро технология университети ва Франциянинг етакчи муҳандислик университетлари билан ҳамкорликда Француз олий муҳандислик мактаби (French Higher School of Engineering)ни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

– Халқаро Франкофония ташкилоти дунё бўйлаб француз тилини тарғиб қилиш, маданий хилма-хилликни қўллаб-қувватлаш, таълим ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш ҳамда барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлаш каби йўналишларда фаолият юритади, – дейди Самарқанд халқаро технология университети ректори Ю.Абдуллаев. – Ташкилот жаҳон бўйлаб 100 дан ортиқ ҳамкор ташкилотларига эга. Ҳамкорликда ташкил этиладиган Француз олий муҳандислик мактаби Ўзбекистонда юқори сифатли технологик таълим тизимини ривожлантириш ҳамда саноат эҳтиёжларига мос келадиган малакали муҳандисларни тайёрлашга хизмат қилади.
Институт мақомидаги ушбу олий мактаб шу йилнинг сентябрь ойида ўз фаолиятини бошлаши режалаштирилган бўлиб, кончилик, геология, нефть ва газ, кимё муҳандислиги каби муҳим таълим йўналишларни қамраб олади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири