Самарқандда фаол маҳалла ходимлари рағбатлантирилди
Вилоят ҳокимлигида ўтказилган тантанали тадбирда вилоят ҳокими маҳалла фаолларини 22 март куни юртимиз тарихида илк бор нишонланган маҳалла тизими ходимлари куни билан табриклади.
- Президентимиз Ўзбекистон маҳалла тизими ходимлари ва фаолларига табригида Сиз қадрли фаолларнинг меҳнатингизга юксак баҳо бердилар, - деди Э.Турдимов. -
Айниқса, пандемия даврида кўрсатган жонбозликларингиз таҳсинга лойиқ.
Чунки, барчамиз маҳаллада яшаймиз. Ҳаётимизни маҳалласиз тасаввур эта олмаймиз. Бугун ҳар қандай масала маҳаллада ҳал этилаяпти.

Президентимизнинг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан ҳар бир ҳудудда «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойили амалга оширилмоқда.
Вилоятда 2020 йилдан шу давргача 51 та замонавий типдаги маҳалла идоралари янгидан қурилди, 117 та маҳалла биноси ҳомийлар ва ҳашар йўли билан қурилиб, фойдаланишга топширилди. 55 та маҳалла идораси реконструкция қилинди ва таъмирланди.

Маҳалла ёрдамида 4324 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди, ажрим ёқасига келиб қолган 1300 та оила яраштирилди,
1000 га яқин оиланинг нотинчлигига барҳам берилди, 623 та маҳаллада жиноят содир этилишига йўл қўйилмади, намунали маҳаллалар сони вилоятда 230 тага етди.
Тадбирда самарқандлик 57 нафар маҳалла фаоллари "Маҳалла ифтихори" кўкрак нишони билан, яна бир гуруҳ маҳалла ходимлари вилоят ҳокимининг Фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, "Обод ва хавфсиз маҳалла" республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларига вилоят ҳокимлиги, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлимининг диплом ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА