Самарқанд жаҳон илм-фани марказига айланмоқда
Самарқанд давлат университетига Жанубий Кореянинг Донг-А университети президенти, профессор Ли Хэ У бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Мартабали меҳмонларни Самарқанд давлат университети ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов қабул қилди.
Томонлар халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, хусусан, магистратура ва докторантура ихтисослиги бўйича қўшма таълим дастурларини амалга оширишни муҳокама қилишди.
- 1946 йил ташкил топган ўқув юртимизда 58 факультет мавжуд, йигирма минг талаба таҳсил олади, - дейди - профессор Ли Хэ У. – Донг-А университети аниқ, гуманитар, либерал фанларга - технология, археология, муҳандислик, тиббиёт, спорт, инсон ресурсларини бошқариш, молекуляр биология, ИТ соҳаларига йўналтирилган бўлиб, асосан магистратура ва докторантура ихтисослиги бўйича кадрлар тайёрлайди. Ташрифимиз ҳар икки томон учун манфаатли бўлишига ишонаман. Мақсадимиз - СамДу билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш. Маъмурият шу йўналишлар бўйича магистратура, докторантурада ўқиш истагида бўлганларни тавсия қилса, амалий ҳамкорликка тайёрмиз.

Учрашув чоғида Тарих факультети декани, профессор Дилфуза Жўрақулова томонидан археология соҳасида биргаликда ишлаш, профессор-ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйиш таклифи илгари сурилди. Кореяда олиб бориладиган изланиш, қазишмаларда Самарқанд давлат университети археологлари иштирокини, соҳага оид дарслик, адабиётлар алмашинувини ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Бунга жавобан, профессор Ли Хэ У Донг-А университети археологлари Кореянинг соҳадаги энг кучли мутахассислари сифатида эътироф этилиши, бу таклиф бўйича шартнома тузилишини билдирди.
Тадбир якунида меҳмонлар Самарқанд давлат университети халқаро таълим дастурлари факультетидаги 2+2 дастури бўйича ўқишни Кореяда давом эттирадиган талабалар билан суҳбатлашди, Корея маданият маркази билан танишди. Якунда томонлар ҳамкорлик меморандумини имзолади.
Беҳруз ШАМСИДДИНОВ,
СамДУ ахборот хизмати ходими.