Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев Чехиянинг “Praktik system” компанияси раҳбари Петр Линҳарт билан учрашувда Самарқандда электрон ва пластик чиқиндиларни қайта ишлаш лойиҳасини амалга оширишни муҳокама қилди.
Маълумотларга кўра, мазкур компания дунёнинг йигирма тўрт давлатида электрон ва пластик чиқиндиларни қайта ишлашга ихтисослашган корхоналар ташкил этган. Компания раҳбари Самарқандда ҳам ана шундай корхона қуришга инвестиция киритмоқчилигини билдирди ва вилоят раҳбари инвесторга қонун доирасида амалий ёрдам беришини айтди.

***
25-27 февраль кунлари Жомбой туманидаги “SOF EXPO Samarkand” халқаро кўргазмалар мажмуасида аграр соҳадаги маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқариш корхоналарининг “AGRO PRO EXPO-2025” 4-халқаро қишлоқ хўжалиги кўргазмаси ўтказилади.
Кўргазма олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида вилоят ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Нозир Ибрагимовнинг маълум қилишича, бу йилги кўргазмада юртимиз тадбиркорлари билан бирга Қозоғистон, Россия, Хитой, Беларусь, Туркия, Эрон, Нидерландия, Германия, Венгрия давлатларининг 88 корхонаси ўз маҳсулот ва хизматлари билан иштирок этиш истагини билдирган.
2024 йилда ўтказилган кўргазмада 80 та корхона, 4500 дан ортиқ профессионал ва топ менежер қатнашган.

***
Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида Малайзиянинг "SIRIM (Standard and Industrial Research Institute of Malaysia)" академияси мутахассислари иштирокида “Muslim-friendly tourism” стандартларини жорий этиш бўйича ўқув-семинар ташкил этилди.
Семинарда вилоятдаги меҳмонхона ва ресторан бизнеси вакиллари, туроператорлар ҳамда соҳа мутахассисларига “Muslim-friendly tourism” тушунчаси, унинг асосий талаблари, меҳмонхоналар ва ресторанлар учун қўлланилиши, шунингдек, ҳалол индустриясининг замонавий туризмдаги иқтисодий имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
2025-2026 йилларда Малайзиядан Ўзбекистонга зиёрат туризми йўналишида сайёҳлар оқимини 100 минг нафарга етказиш, бунда Малайзия тажрибасидан самарали фойдаланган ҳолда зиёрат туризми ва Умра+ дастурларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Р. Қобилов ва "SIRIM" академияси вакилларининг учрашувида Самарқандда мазкур академия ўқув курсларини ташкил этиш юзасидан фикр алмашилди.

***
Самарқандда профессионаллар ўртасида стол тенниси бўйича мамлакат чемпионати бошланди.
Унда республикамизнинг барча ҳудудларидан 200 нафардан зиёд спортчи ғолиблик учун баҳс олиб бормоқда. Чемпионат ғолиблари орасидан мамлакатимиз терма жамоасининг асосий ва захира таркибига маҳоратли теннисчиларни саралаш режалаштирилган.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири