Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Самарқанд вилояти секторлари раҳбарлари иштирокида давлатимиз раҳбарининг шу йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси муҳокама қилинди.

Танқидий руҳда ўтказилган йиғилишда туман (шаҳар) ва маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича ишлаб чиқилган “йўл харитаси” ижроси, штаб аъзоларининг ўзларига юклатилган вазифаларни бажариши, ҳудудларда айрим тоифадаги шахслар билан профилактик тадбирлар олиб борилиши ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.
***
Самарқанд вилояти ҳокимининг тегишли қарори билан Ихтиёров Мирзо Рустамович Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари, вилоят ҳокимининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди.

Мазкур тайинловга қадар М.Ихтиёров Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Самарқанд вилояти телерадиоканали” давлат муассасаси директори вазифасини бажарувчи лавозимида фаолият олиб борган.
***
Туркияда ҳокимлар учун ўтказилаётган малака ошириш дастурида қатнашаётган Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров Турк дунёси муниципалитетлари иттифоқи президенти, Коня мери Иброҳим Алтай билан Самарқанд ва Коня шаҳарларининг биродар шаҳарлар мақомида ҳамкорлик қилиши бўйича баённома имзолади.

Келишувга кўра, Самарқанд ва Коня ўртасида савдо-иқтисодий, таълим, соғлиқни сақлаш, ёшлар сиёсати, спорт, туризм, тарихий ва маданий меросни муҳофаза қилиш, ахборот технологиялари ва транспорт соҳаларида ҳамкорлик қилинади.
***

Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори, айни пайтда Самарқанд давлат университети дифференциал тенгламалар кафедраси докторанти бўлган Умида Жўраева Малайзиянинг Путра университети профессор-ўқитувчи ва тадқиқотчилари учун ташкил этилган семинарда маъруза қилди. Унинг маърузаси тингловчилар томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири