Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев тунги вақтда Самарқанд тумани марказий шифохонасига бориб, муассасанинг иссиқлик таъминоти, беморларга яратилган қулайликлар билан танишди.
Бино меъёр даражасида иситилмаётгани қайд этилиб, туман мутасаддиларига зарур кўрсатмалар берилди.

***
Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида халқаро Нордик университети ва ICLEI ташкилотининг Шарқий Осиё котибияти томонидан ташкил этилган қайта тикланадиган энергия манбаларини самарали ташкил этиш, шаҳарсозлик, кам углеродли бинолар ҳамда “яшил” транспорт ва “яшил” иқтисодиёт бўйича билим ва кўникмаларни оширишга бағишланган ўқув-семинарда Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова иштирок этмоқда.
Тадбир доирасида Г.Алимова ICLEI ташкилотининг Шарқий Осиё котибияти раҳбарияти билан учрашиб, энергия тежайдиган бинолар қурилиши, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш масалалари юзасидан ўзаро тажриба алмашди. Каттақўрғон шаҳрининг иқтисодий ҳамда инвестициявий имкониятлари ҳақида тақдимот намойиш этилди.

***
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан жорий йил бошидан буён 7 ҳолатда 181 минг 237 дона пиротехника воситаларининг ноқонуний олди-сотдисига чек қўйилди.
Айни пайтда Янги йил байрами олдидан ушбу йўналишдаги назорат тадбирлари кучайтирилган тартибда олиб борилмоқда.
***
Баҳрайнда бўлиб ўтган оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида даст кўтариш (184 кг) беллашувларида самарқандлик Шарофиддин Амриддинов олтин медални қўлга киритган эди.
Самарқанд темирйўл вокзалида чемпион вилоят ҳокимлиги ва спорт бошқармаси масъуллари, кенг жамоатчилик иштирокида тантанали кутиб олинди.

***
Пайариқ туман тиббиёт бирлашмасида жорий йилги дастурга кўра, гемодиализ бўлими фаолияти йўлга қўйилди.
Янги бўлимга замонавий тиббий жиҳоз ва ускуналар малайзиялик мутахассислар томонидан ўрнатилди.
Шу пайтгача туманда гемодиализ бўлими мавжуд эмаслиги сабабли беморлар Самарқанд шаҳри ёки қўшни туманларга боришга мажбур эди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири