Самарқанд вилояти хабарлари –қисқа сатрларда
Адлиядан найманликларга совға
Адлия вазирлиги ташаббуси билан #ziyo_ulash хештеги остида амалга оширилаётган маърифий лойиҳа доирасида Тойлоқ тумани “Найман” маҳалла фуқаролар йиғинида мўъжазгина кутубхона ташкил этилди.
Кутубхонага ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдона асарлари, турли хал журналлар келтирилди.

40 ёшдан ошганлар кўрикдан ўтказилди
Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали томонидан туманларда 40 ёшдан ошган аҳоли ўртасида скрининг текширувлари ўтказилмоқда.
Ургут тумани кўп тармоқли поликлиникасида ташкил этилган шундай тадбирда 58 нафар фуқаро кўрикдан ўтказилди. Уларнинг 19 нафарида семизлик, 6 нафарида бўқоқ, 1 нафарида қандли диабет аниқланиб, зарур тавсиялар берилди.
Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмаси эндокринология бўлимида даволанаётган беморлар билан ҳам суҳбат ўтказилди.

Илмли аёл – жамият кўзгуси
Шу шиор остида ўтказилаётган ҳафталик доирасида вилоятдаги таълим муассасаларида ҳам олима аёллар иштирокида учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Самарқанд давлат тиббиёт университетида ташкил этилган тадбирда профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар ва талаба ёшлар қатнашди.
– Айни пайтда университетимиз профессор-ўқитувчиларининг 50 фоиздан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади, – дейди университет хотин-қизлар маслаҳат кенгаши раиси Гавҳар Худойбердиева. – Жумладан, дорилфунунимизда 47 нафар фан доктори, 164 нафар фан номзоди, 16 нафар профессор ва 52 нафар доцент опа-сингилларимиз фаолият олиб бормоқда. Уларнинг 36 нафари кафедраларга раҳбарлик қилса, икки нафари проректор ҳисобланади. Айни чоғда илмий изланишлар олиб бораётган ёшлар ҳам анчагина.
Анжуманда олима аёллар ўз ҳаёт йўллари, илмий фаолиятлари ҳақида ёшларга сўзлаб берди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири