Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Тадбиркорларнинг мурожаатлари эшитилди
Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимовнинг тадбиркорлар билан навбатдаги учрашуви Каттақўрғон шаҳрида ўтказилди.
Каттақўрғон шаҳри ва яқин атрофдаги туманларда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар ўз муаммо ва таклифлари билан вилоят раҳбарига мурожаат қилди.

Учрашув давомида 50 дан ортиқ тадбиркорнинг солиқ, кредит, йўл ва бошқа инфратузилма билан боғлиқ мурожаатлари тингланиб, ҳар бир масала бўйича масъуллар белгиланди.
Зулфиячиллар баҳслашди
Самарқандда Зулфия номидаги Давлат мукофотига танловнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Унда 110 нафар қиз таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт, жамоатчилик йўналишлари бўйича баҳслашди. Барча йўналишлар бўйича ғолиблар аниқланиб, танловнинг мамлакат босқичига йўлланма берилди.
Вилоят ҳокими ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зебинисо Раҳмонованинг таъкидлашича, танловнинг шаҳар, туман босқичларида бу йил минг нафар қиз иштирок этган.
“Адолат” Конституция билимдонини аниқлади
Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси томонидан анънавий ўтказиб келинаётган “Конституция билимдони” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Ёшларнинг Конституцияга оид билимларини ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида ташкил этилган танловда туман (шаҳар) босқичида ғолиб бўлган ўқувчи- ёшлар иштирок этди.
Самарқанд шаҳридаги юридик техникум ўқувчиси Улуғбек Собиров биринчи ўринни эгаллаб, мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири