Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов Булунғур туманининг Ғўбдин ва Ургут туманининг Мерганча маҳаллаларида қурилаётган “Янги Ўзбекистон” массивларидаги бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари билан танишди.
Мазкур массивлардаги кўп қаватли уйлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини сифатли қуриш ҳамда ўз вақтида фойдаланишга топшириш масалалари мутасаддилар иштирокида муҳокама этилди.


***
Маҳалла “ташаббусли бюджет” асосида ўз биносига эга бўлди Нуробод тумани Қиличли маҳалласи аҳли ўтган йил “Ташаббусли бюджет” электрон платформасида маҳалла фуқаролар йиғини учун бино қуриш ташаббуси билан ғолиб бўлган эди. Маҳалла биносини қуриш учун 450 миллион сўм маблағ ажратилди ва мазкур маблағ эвазига кўркам бино қурилди. Қиличли маҳалласи биносининг очилишида вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси масъуллари, туман ҳокими ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этиб, “Ташаббусли бюджет” туфайли жойларда кўплаб муаммоларга ечим топилаётганини таъкидлади.

***
Самарқанд халқаро технология университети Американинг йирик логистика компанияси – Sultan Trans Inc. билан таълим ва тадқиқотларни ривожлантиришга қаратилган ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолади.
Университет ва компания раҳбарларининг Самарқанддаги учрашувида ушбу меморандум узоқ муддатли ҳамкорликка йўл очиши таъкидланди. Жумладан, университет талабалари мазкур компания ваколатхоналарида амалий машғулотларда қатнашиши ва уларга халқаро логистика соҳасида малака ошириш имконияти яратилади.
Таъкидлаш лозим, Sultan Trans Inc. самарқандлик тадбиркор томонидан асос солинган ва АҚШда юкларни самарали етказиб беришни таъминлашга ихтисослашган йирик логистика компанияси ҳисобланади.


Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА