Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг маълум қилишича, “Яшил макон” умуммилий лойиҳаси доирасида баҳорги мавсумда 550 минг туп турли хил дарахт кўчатлари экиш кўзда тутилган.

Мазкур ҳаракат доирасида бугун Қорасув масканида яшил майдонларни кўпайтириш ва боғ яратиш мақсадида шаҳар ҳокимлиги ва корхона, ташкилотлар томонидан уч минг туп кўчат ўтқазилди. Кун давомида шаҳарнинг бошқа ҳудудларида ҳам 10 мингта кўчат экиш кўзда тутилган.

Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалида давлат-хусусий шерикчилик асосида барпо этилган 400 ўринли талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди. 22 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига қурилган тўрт қаватли бинода 128 та хона, 4 та ошхона, кутубхона, маданият маскани мавжуд. Хоналар зарур жиҳоз ва воситалар билан таъминланган ва талабалар учун жуда қулай ҳисобланади.

Турар жойнинг очилиш маросимида Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Р.Каримов, ТАТУ ректори Бахтиёр Маҳкамов иштирок этди.

Профилактик ҳисобда турган ҳамда тарбияси оғир ёшлар қалбида ҳарбий-ватанпарварлик туйғусини шакллантириш ва уларни касб-ҳунарга ўқитиш мақсадида йўлга қўйилган “Жасорат мактаби” лойиҳаси доирасида Самарқанд шаҳридаги Қуролли Кучлар Кичик мутахассисларни тайёрлаш маркази биносида навбатдаги ўқув йиғини бошланди. Унда Самарқанд вилоятининг барча шаҳар ва туманларидан келган 100 нафар ёшлар иштирок этмоқда.
Йиғинда ёшлар учун малакали мутахассислар томонидан касб-ҳунар ва тадбиркорлик сирларини ўргатиш бўйича мотивацион тренинглар, маҳорат дарслари ташкил этилади. Шунингдек, психологик машғулотлар, маънавий-маърифий тадбирлар, саф ва жанговар тайёргарлик кўриги, кинофильмлар намойиши ҳамда Самарқанд шаҳрига саёҳат қилиш кўзда тутилган.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА