Самарқанд – Шэньси ҳамкорлиги мустаҳкамланади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 18-19 май кунлари Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи давомида икки давлат минтақалари ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим келишувларга ҳам эришилди.
Жумладан, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Шэньси музофоти губернатори Чжао Ган билан Самарқанд ва Шэньси ўртасида келгуси беш йилга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик бўйича битимни имзолади. Маълумки, Самарқанд вилояти Хитойнинг Шэньси музофоти билан биродарлашган ҳудуд мақомида иқтисодиёт, маданият, туризм, илм-фан соҳаларида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. 2013 йилда эса Самарқанд шаҳри ва Шэньси музофоти маркази ҳисобланган Сиан шаҳри ўзаро биродарлашган. Ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатлари кейинги йилларда анча ривожланди. Келгуси беш йилликка мўлжалланган битим эса бу алоқаларни янги босқичда давом эттиришга асос бўлади.

Ташриф чоғида, шунингдек, Эркинжон Турдимов Хитойнинг бир қатор йирик компаниялари вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Хусусан, “Xinjiang Bioengineering” компанияси раҳбари билан учрашувда Самарқанд вилоятида қон маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган фармацевтика заводи ва тармоқ клиник диагностика лабораториясига эга плазма марказлари тармоғини қуриш масаласи атрофлича муҳокама этилди ва келишувга эришилди. Мисни тўлиқ қайта ишлаш бўйича дунёда етакчилардан бўлган “Xinjiang Qianwei Golding Cable co. ltd” ва “Amer International Group (AMER #1)” раҳбарияти билан учрашувда эса Самарқандда мисни тўлиқ қайта ишлаш, смарт ускуналар ҳамда автомобиллар учун мой ишлаб чиқариш бўйича ишланган лойиҳа атрофлича муҳокама этилди. 2023 йилнинг август ойидан бошлаб 2025 йилнинг декабрь ойигача бўлган муддатни қамраб олган лойиҳанинг ҳар бир босқичини амалга оширишга эътибор қаратилди.
Ғ.ҲАСАНОВ,
ЎзА