Самарқанд шаҳрининг ҳар қаричида тарих яширин
Ҳозирги кунда Самарқанд халқаро аэропортида кенг кўламли қурилиш-реконструкция ишлари олиб борилаётгани, аэропорт ҳудудини кенгайтириш мақсадида қўшимча ер майдони ажратилганидан кўпчиликнинг хабари бор. Ҳудуддаги қазиш ва тупроқ ишлари давомида мармар қабртошлар топилди.
Ушбу қабртошлар ҳозирги вақтда ЎзРФА Самарқанд археология институти ва Самарқанд давлат университети тарих факультети профессори Дилфуза Жўрақулова бошчилигидаги тадқиқотчилар Муҳаммад Бузруков ва Алишер Сандибоев томонидан ўрганилмоқда. Қабртошлардаги ёзувлар тозаланиб, дастлабки маълумотлар аниқланди.

Биринчи қабртош сандиқ шаклида бўлиб, оқ мармардан ишланган. Унинг уст ва ён томонларига Қуръони каримнинг Бақара сураси, 254, 256-оятлари туширилган. Қабртошда “Оқила биби” деган ёзув аниқланди. Лавҳнинг айрим қисмлари яхши сақланмагани учун марҳумнинг дафн этилган вақти ва тўлиқ исм-шарифи ҳақида маълумот олиш қийин бўлмоқда.
Иккинчи қабртош ҳам сандиқ шаклида бўлиб, қора мармардан ишланган. Қабртошда ҳижрий 1049 йил санаси битилган. Ҳозирда тадқиқот ишлари давом этмоқда. Тадқиқот якунида бу борада маълумот берилади. Қабртошлар сақлаш учун Самарқанд ўлкашунослик музейига етказилади.

– Самарқанд шаҳрининг ҳар бир қаричида ўтмиш яширин. Буюк тарихимиздан ҳикоя қилувчи осори-атиқалар халқимиз учун жуда қимматли. Биз топилмалар устида тадқиқот олиб бораяпмиз. Бунинг учун университетимизда тажрибали олимлар етарли. Самарқанд тарихини ўрганиш нафақат халқимиз, балки дунё учун ғоят муҳим. Самарқанд халқаро аэропортидан топилган қабртошлар ҳам биз олимларни бефарқ қолдирмайди. Тез орада ўз илмий хулосаларимизни берамиз, – дейди Самарқанд давлат университети тарих факультети декани Дилфуза Жўрақулова.
– Қабртошлар Аштархонийлар ҳукмронлиги даврига тааллуқли экани аниқланди. Бундай тошлар темурийлар давридан бошлаб қўйила бошланган, – дейди Самарқанд давлат университети тарих факультети ўқитувчиси Муҳаммад Бузруков. – Тошдаги ёзувлар нафис хаттотлик услубида битилган. Тошларнинг оғирлиги тахминан 1 тонна, кичкинаси 600-700 килограмм. Бу каби тошлар Гўри Амир ва Регистон мажмуаларида учрайди.

Беҳруз Шамсиддинов