Самарқанд саммити: кенг имкониятлар эшигини очиб берди
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти жаҳонда ўз ўрни, ўз мавқеига эга ташкилот сифатида ривожланишнинг янги босқичига кўтарилди. Эзгулик, тараққиёт, иқтисодий ҳамкорлик принциплари асосида шаклланган ушбу халқаро ташкилот аъзолари сафи, аъзоликка номзод ва кузатувчи давлатлар сони тобора ортиб бормоқда.
Президентимизнинг оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган “Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” номли мақоласида ташкилотнинг иқтисодий аҳамияти хусусида асосли фикр юритилган. Жумладан, мақолада ШҲТ маконидаги давлатларнинг юксак инсоний, интеллектуал ва технологик салоҳиятга, жадал ривожланаётган иқтисодиётларга ва ҳали тўлақонли фойдаланилмаган табиий захираларга эга, шунингдек, аъзо мамлакатларнинг умумий майдони 34 миллион квадрат километрни ташкил этиб, бу Евросиё ҳудудининг 60 фоизини ташкил этиши, жаҳондаги нефть захираларининг 25 фоизи, табиий газ захираларининг 30 фоизи ҳамда уран захираларининг 50 фоизи мазкур ташкилотга аъзо мамлакатлар ҳудудига тўғри келиши ташкилотнинг иқтисодий салоҳияти ва имкониятлари юқори эканлиги алоҳида таъкидланади.
Бундан ташқари, ШҲТга аъзо мамлакатларда дунё аҳолисининг 40 фоизидан ортиғи истиқомат қилганлиги боис, ушбу ташкилот жуда катта ва истиқболли бозорга эга. Ҳамкорлик кўламини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш борасида юқори самараларга эришган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Самарқанд саммити ўтиб бораётган йилнинг энг муҳим сиёсий воқеаларидан бири бўлиб қолади. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев саммитда қилган маърузасида ШҲТнинг блокларга қўшилмаслик мақомини ва очиқлигини сақлаб қолиш, “Шанхай руҳи” тамойиллари асосида бирдамлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва шерикликни мустаҳкамлаш, ШҲТни 2040 йилгача Ривожлантириш стратегиясини тайёрлаш, иқтисодиёт, савдо ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликнинг амалий таъсирчанлигини ошириш, шу мақсадда ШҲТ минтақаларининг бизнес шериклиги ҳафталигини ўтказиш, аъзо мамлакатларнинг махсус иқтисодий зоналари альянсини тузиш, озиқ-овқат хавфсизлиги инқирози шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг умумий тамойиллари ва ёндашувларини ишлаб чиқиш, келаси йилда Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ўтказиш, ШҲТ маконида БМТнинг қўллаб-қувватлаши остида Тошкент шаҳрида Минтақалараро ўзаро боғлиқлик марказини ташкил этиш сингари қатор ташаббусларни илгари сурди.
Ушбу ташаббуслар шубҳасиз, ташкилот доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга, аъзо давлатлар иқтисодиётини юксалтиришга, қолаверса, халқаро миқёсдаги қатор муаммоларни ижобий ҳал этилишига хизмат қилади. Саммит доирасида “Хитой –Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши тўғрисида уч томонлама битим имзоланганини тарихий воқеа сифатида баҳолаш мумкин. Шунингдек, стратегик жиҳатдан яна бир муҳим лойиҳа – “Термиз –Мозори Шариф – Қобул – Пешавор” темир йўли қурилишини қўллаб-қувватлаш юзасидан билдирилган фикрлар ҳам кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди.
Саммитда Ўзбекистон Республикаси Президенти экологик таҳдид ва хатарлар ортиб бораётганини таъкидлаб, ШҲТнинг Иқлим кенгашини тузишни таклиф этди. Шу билан бирга, ёшларнинг экстремистик ташкилотларга жалб этилишига йўл қўймаслик, турли носоғлом мафкураларга қарши барқарор иммунитетни шакллантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар қабул қилиш лозимлигини алоҳида таъкидлади. Қўшни Афғонистон масаласига алоҳида тўхталиб, Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича махсус фонд таъсис этиш таклифини билдирди. Давлатимиз раҳбари ШҲТ доирасида университет ректорлари форуми, маданият ва туризм кунлари, қўшма спорт тадбирлари ва универсиадалар ўтказиш каби ҳамкорликнинг қўшимча форматларини яратишга чақирди. Юқорида санаб ўтилган таклифлар ва бошқа маълумотлардан кўриниб турибдики, ШҲТ Самарқанд саммити Ўзбекистон раислик қилган йилда мазмунан бойиди, катта ҳажмдаги амалий ишлар қилинди. Умуман, саммитда ташкилотнинг обрўси, мавқеини янада оширишга хизмат қиладиган кўплаб ташаббуслар илгари сурилди, муҳокама қилинди.
Муҳокамалар натижасида қатор ҳужжатлар имзоланди ва қарорлар қабул қилинди.
Саммит жараёнида жами 44 та ҳужжат — битим, концепция, дастурлар ва бошқа қарорлар қабул қилинди. Бу ташкилот фаолияти тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир. ШҲТ ташкилоти давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси якунлангач, қабул қилинган Самарқанд декларацияси аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамфикрлик, ҳамкорлик ва бирдамликнинг ўзига хос ифодаси бўлди. Мамлакатимиз тараққиёти ва халқаро миқёсдаги нуфузини оширишга хизмат қилган ШҲТ давлат раҳбарларининг Самарқанд саммитида эришилган натижаларни Ўзбекистон Халқ демократик партияси қўллаб-қувватлайди. Сиёсий партия аъзоси, фаоли сифатида Самарқанд саммити ҳужжатлари, унга алоқадор ахборотларни, аввало, партиядошлар, депутатлик гуруҳлари, фаолларимиз билан чуқур ўрганиб, уларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти хусусида аҳоли орасида кенг қамровли тарғибот ишларини олиб бориш бугунги кундаги муҳим вазифаларимиздан бири, деб ҳисоблайман.
Бир сўз билан айтганда, Самарқанд саммити юртимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришга, ҳамкорликнинг кенг имкониятлари эшигини очиб беришга, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият ўртасидаги нуфузини янада кўтаришга хизмат қилган тадбир сифатида ҳар бир юртдошимиз қалбини ифтихорга тўлдиради.
Абдулҳамид НУРМАТОВ,
Ўзбекистон ХДП Андижон вилоят кенгаши раиси
ЎзА