Самарқанд “M360 Eurasia 2026” халқаро форуми мезбони
Самарқандда мобил алоқа ва телекоммуникация соҳасида дунёдаги энг йирик халқаро ташкилотлардан бири бўлган GSMAнинг “M360 Eurasia 2026” халқаро форуми ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги, “Beeline Uzbekistan” ва “VEON Group” компаниялари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Евросиё минтақасидаги телекоммуникация, IT ва рақамли технологиялар соҳасининг етакчи вакиллари, халқаро экспертлар, инвесторлар ҳамда давлат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этмоқда.
Форумнинг очилиш маросимида GSMA масъул раҳбарлари, телекоммуникация операторлари ва мамлакатимиз вакиллари сўзга чиқиб, Ўзбекистонда иккинчи марта ўтказилаётган мазкур халқаро тадбирдан кўзланган мақсад ва унинг аҳамиятига эътибор қаратди.
Хусусан, Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори натижасида бугунги кунда Ўзбекистонда IT ва рақамли технологиялар соҳаси энг жадал ривожланаётган йўналишлардан бирига айланганини таъкидлади.
– Авваллари биз хорижда ўтказиладиган бундай нуфузли тадбирларда иштирок этиш ва унда Ўзбекистонда IT соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот беришга интилардик, – деди Шерзод Шерматов. – Бугун эса соҳа бўйича халқаро ташкилотлар, йирик компаниялар мамлакатимизга интилмоқда ва замонавий ахборот технологиялари, рақамли технологиялар бўйича эришаётган натижаларимизга бевосита гувоҳ бўлиб, ҳамкорликда ишлашни таклиф қилмоқда. “M360 Eurasia 2025” форуми ўтган йил илк бор Тошкент шаҳрида ўтказилиб, унда 60 давлатдан 1000 дан ортиқ мутахассис ва соҳа вакиллари қатнашган эди. Нуфузли анжуман учун бу йил ҳам Ўзбекистон, қадимий Ипак йўлидаги Самарқанд танланганининг ўзи кўп нарсани англатади. Муҳими, бу йилги форумда иштирокчилар сони кўпайган, юқори даражадаги меҳмонлар, халқаро экспертлар келган. Айни пайтда Ўзбекистон телекоммуникация соҳасининг жадал ўсиши бўйича МДҲ мамлакатлари орасида етакчилардан бири, минтақадаги йирик IT-ҳабга айланиб бормоқда. Юртимизда илк бор мустақил регулятор ташкил этилди, операторлар сони кўпайиб, хизмат кўрсатиш сифати ошмоқда. Жаҳон банки ва бошқа халқаро ташкилотлар рейтингида ҳар йили бир неча поғона юқорига чиқяпмиз. Ёшларимиз ҳар ойда ўртача 70 дан ортиқ компанияга аутсорсинг асосида хизмат кўрсатяпти. Стартаплар бўйича Ўзбекистон “Йил давлати” деб тан олинди. Давлат бошқарувини рақамлаштириш, сунъий интеллектдан фойдаланиш кўрсаткичлари ҳам йил сайин ошиб бормоқда. Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбари томонидан замонавий IT ва рақамли технологиялар соҳасида жадал олиб борилаётган ислоҳотлар натижасидир.
GSMAнинг тартибга солиш бўйича бош директори Жон Жиусти Ўзбекистонда давлат бошқарувини рақамлаштириш ва сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланилаётгани, барча соҳа ва тармоқларда рақамли технологиялар жорий этилаётганини юқори баҳолади. Бу эса мамлакатнинг IT соҳасида минтақада етакчиликни ўз қўлига олишига кучли омил бўлмоқда.
[gallery-29524]
– Ўзбекистонда кетма-кет иккинчи марта ушбу форумни ўтказяпмиз, – дейди GSMAнинг стратегик ҳамкорлик бўйича директори Тоҳир Исмаилов. – Бунга албатта, мамлакатда барча соҳалар, жумладан, рақамли технологиялар соҳаси жадал тараққий этаётгани асос бўлмоқда. Бугун ва эртага йирик алоқа операторлари, хорижий ва миллий компаниялар вакиллари билан бошқарувда ва турли соҳаларда рақамлаштириш жараёнлари, сунъий интеллектдан фойдаланиш масалаларини муҳокама қилмоқчимиз. Бу борада Ўзбекистонда тўпланган тажриба ва келгусидаги режалар билан танишамиз, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастури бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан фикр алмашамиз.
Икки кун давом этадиган форумда сунъий интеллект, рақамли инфратузилма ва алоқа соҳасидаги замонавий ёндашувлар ҳамда тартибга солиш сиёсатлари, телекоммуникация, инновацион технологиялар, рақамли иқтисодиёт ва инвестицион ҳамкорлик йўналишларидаги долзарб масалалар муҳокама қилинмоқда.
Шунингдек, халқаро ташкилотлар, бошқарув идоралари ва алоқа операторлари раҳбарлари иштирокида икки томонлама учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари