Харидор сарсон бўлмасин
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида яшовчи фуқаро мебель дўконидан нархи 4 миллион 500 минг сўм бўлган ошхона мебелини нақд пулга сотиб олади.
Сотувчилар эса товарни сифатини мақтаб унга 6 ойлик расмий кафолат муддати борлигини айтиб ишончига киради. Бироқ, мебелнинг бир қисми сифатсиз материалдан тайёрланганлиги сабаб қисқа вақт ичида яроқсиз ҳолатга келиб қолади.
Истеъмолчи дарҳол дўкон савдо мутахассисларига мурожаат қилади. Ходимлар эса хатони тан олиш ва кафолат бўйича мебелни таъмирлаб бериш ўрнига турли баҳоналар билан харидорни бир ой давомида овора қилган.
Ўз ҳуқуқини яхши биладиган фуқаро охир-оқибат Нукус шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига расмий мурожаат қилишга мажбур бўлди. Жамият мутахассислари томонидан истеъмолчининг мурожаати тезлик билан ўрганиб чиқилди.
Муаммони ҳал қилиш мақсадида мебель дўконининг раҳбари ва масъул шахслар билан қонун доирасида тушунтириш ҳамда суҳбат ўтказилди. Қонун талаблари тушунтирилгандан сўнг дўкон ходимлари қисқа муддатда мебелдаги мавжуд носозликларни ўзларининг ҳисобидан тўлиқ таъмирлаб берди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.