Самарқанд – ер юзининг сайқали, Шарқ гавҳари
18 октябрь – Самарқанд шаҳар куни
Самарқанд миллий давлатчилигимиз пойдевори яратилган, қадимий пойтахт мақомига эга бўлган йирик тарихий ва маданий марказларимиздан бири.
Бу кўҳна ва бетакрор шаҳар Ўзбекистон тарихида, бугунги ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизда алоҳида ўрин тутади.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу фикрлари бугун – Самарқанд шаҳар кунини нишонлаётган қадимий ва ҳашима навқирон кент аҳли қалбини фахр ва ифтихорга тўлдириб, шу муқаддас заминга муносиб бўлиш, унинг шуҳратини янада оширишга ҳисса қўшиш иштиёқини уйғотмоқда.
Ўзининг қудратли давлати пойтахти этиб танлаб, уни ер юзининг сайқалига айлантирган Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан 1996 йилда бу қадимий кентда улуғ саркарда шарафига салобатли ҳайкал ўрнатилганди. Ўша йили 18 октябрь куни ушбу ёдгорликнинг очилиш маросими ҳамда Самарқанд шаҳрига биринчи рақамли Амир Темур ордени топшириш маросимида шу элнинг асл фарзанди, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов бундан буён бу санани Самарқанд шаҳар куни сифатида нишонлашни таклиф қилган эди. Ана шу ташаббус асосида 25 йилдирки Самарқанд аҳли 18 октябрни катта тантана билан нишонлаб келмоқда. Ҳар йили ушбу кунга алоҳида тайёргарлик кўрилади, янги иншоотлар қад ростлайди, маданий-маърифий тадбирлар уюштирилади. Шаҳарнинг ҳар бир гўшасида, ҳар бир хонадонда байрам шукуҳи ҳукмрон бўлади.
[gallery-4289]
Бу йил ҳам самарқандликлар шаҳар кунини муносиб нишонлашга ҳозирлик кўрди. Сана муносабати билан Самарқандда Президент мактабининг тантанали очилиш маросими ўтказилади, Самарқанд давлат тиббиёт институтининг янги ўқув биноси фойдланишга топиширилади. Замонавий қиёфа касб этган Алишер Навоий кўчаси очилади. Улуғ маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи фаолият бошлайди. Яна ўнлаб маҳалла марказлари, кўнгилочар дам олиш масканлари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари шаҳар кунига туҳфа бўлади.
Шу ва бошқа тадбирлар, умуман, қадимий кентнинг бугуни ва эртаси ҳақида Самарқанд шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облоқулов қуйидагиларни гапириб берди.
Туризм – Самарқанд иқтисодиётининг асосий дврайвери бўлиб қолади
– Самарқанд, дейилганда ҳар бир инсон аввало Регистонни, Шоҳи Зинда ёки Амир Темур ёдгорлик мажмуаларини, Ҳазрати Хизр масжиди ёки Мирзо Улуғбек расадхонасини, Хўжа Дониёр мақбараси ёки Бибихоним (Амир Темур) масжидини кўз олдига келтиради – дейди Б.Облоқулов. – Демоқчиманки, шаҳримиз биринчи навбатда муқаддас қадамжолари ва тарихий обидалари билан, бетакрор табиати билан дунёга машҳур ва шунинг учун ҳам Самарқандни зиёрат қилиш, бу масканда бўлишни ҳар бир инсон орзу қилади. Буни ўзи учун юксак шараф деб билади. Табиийки, бу Самарқанднинг дунё туризм марказларидан бирига айланиши, йил-ўн икки ой сайёҳлар билан гавжум бўлишининг асосий омилидир.
Шу боис кейинги йилларда Президентимизнинг алоҳида эътибори билан Самарқандда туризмни ривожлантириш учун ҳар қачонгидан кенг кўламда иш олиб бориляпти. Бунинг учун ажратилаётган маблағнинг ҳам, берилаётган имтиёз ва имкониятларнинг ҳам қиёси йўқ. Масалан, айни пайтда шаҳар ҳудудида 14 та археология, 417 та меъморий, 36 та монументал ва 23 та диққатга сазовор маданий мерос объекти давлат рўйхатида қайд этилган ва муҳофазага олинган. Уларни асраб-авайлаш ва сайёҳларга асл ҳолича кўрсатиш, келгуси авлодларга етказиш учун республика ва маҳаллий бюджетдан ҳар йили катта маблағ ажратилмоқда. Шунингдек, бу борада тадбиркорлар имкониятларидан фойдаланилмоқда.
Энди рақамларга эътибор беринг – 2019 йилда шаҳримизга 560 минг хорижий сайёҳ ташрифи кузатилган бўлса, пандемия сабабли 2020 йилда ушбу кўрсаткич 52 минг кишини ташкил этди. Бу йил карантин чекловлари юмшатилгач, тўққиз ой давомида 54 минг 500 нафар хорижий ҳамда 1 миллион 245 минг нафар маҳаллий туристлар ташрифи амалга оширилган. Бунинг барчаси шаҳарга келаётган инвестиция, иқтисодиётга тушум, дегани. Албатта, шунга мос хизмат, шароит яратиш ҳам олдимиздаги муҳим вазифа ҳисобланади.
Бугунги кунда шаҳарда меҳмонхоналар сони 160 тага, улардаги ўринлар 6569 тага етди. Бундан ташқари 100 га яқин оилавий меҳмон уйлари фаолияти йўлга қўйилди. Орзу Маҳмудов кўчаси гастрономик туризмни ривожлантириш бўйича махсус ҳудуд сифатида белгиланиб, бу ерда турли мамлакатлар таомлари тайёрланадиган овқатланиш нуқталарини ташкил этилди. Боғибаланд маҳалласида “Анжирзор” янги туристик маскан очилди. Келгусида Боғибаланд ва Шарқ маҳаллалари “туризм маҳалласи”га айлантирилади.
Умуман, 2021-2022 йилларда умумий қиймати 1,2 триллион сўмлик 44 та лойиҳани амалга ошириш ҳамда 1257 та янги иш ўринлари яратиш бўйича иш олиб борилмоқда.
Мамлакатимизга хорижий давлатлардан сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида визасиз режим жорий этилган мамлакатлар сони 2021 йил 1 март ҳолатига 86 тани ташкил этарди. Президентимизнинг 2021 йил 9 февралдаги фармонига асосан, 2021 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 10 кунлик муддатга ўз ёки учинчи мамлакатга учиш авиачиптасини тақдим қилган Баҳрайн Қироллиги, Қатар Давлати, Қувайт Давлати, Уммон Султонлиги ва Хитой Халқ Республикаси, шу жумладан Хитойнинг Гонконг ва Макао махсус маъмурий ҳудудлари фуқаролари учун визасиз режим белгиланди. Бунинг натижасида визасиз режим жорий этилган мамлакатлар сони 90 тага етказилди.
Шунингдек, йил бошида Эрон Ислом Республикасининг
«Iran Aseeman Airlines» авиакомпанияси ҳамда «Persian Gulf Tourism Holding Company» компанияси вакиллари билан учрашиб, зиёрат туризми соҳасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга келишиб олдик. Самарқанд ва Эроннинг Исфаҳон шаҳри ўртасида савдо-иқтисодий, туризм ва маданий алоқаларни кенгайтириш, жумладан икки шаҳарлар ўртасида биродарлашган шаҳарлар муносабатларини ўрнатиш масаласини муҳокама қилиб, англашув меморандуми имзоладик. Туркиянинг Истанбул, Конья, Измир шаҳарлари билан туризм соҳасида алоқаларни ўрнатиш бўйича саъй-ҳаракат олиб боряпмиз. Бутунжаҳон туризм ташкилоти томонидан жорий йилнинг 8-9 июль кунлари Португалиянинг Порту шаҳрида ўтказилган “Туризм ва шаҳарлар келажаги” ҳокимлар форумида ҳам бир қатор келишувларга эришдик.
Келгуси йилда Самарқандда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги саммити ўтказилиши режалаштирилган. Айни пайтда ушбу тадбирга ҳам шаҳарда қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Кўплаб кўчалар, бино ва иншоотлар реконструкция қилинмоқда. Янги йўллар, кўприклар бунёд этилмоқда. ШҲТ тадбирларини юқори савияда ўтказиш мақсадида туризм инфратузилмасини ривожлантириш учун республика бюджетидан 135,1 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилди.
Қорасув – Самарқанднинг замонавий турар-жой массиви
– Агар биз Самарқандни туристик марказга айлантириб, мазкур тармоқдан самарали фойдаланишни истасак янги бино ва иншоотлар, аҳоли турар-жойларини шаҳарнинг сайёҳлик ҳудудидан бошқа жойларида амалга оширишимиз керак, – дея сўзида давом этади шаҳар ҳокими. – Кейинги йилларда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар шу мақсадга қаратилган. Давлатимиз раҳбарининг Самарқандга ташрифилари давомида, шунингдек, шаҳарнинг бош лойиҳасини ишлаб чиқишда ҳам ушбу масала энг устувор вазифа сифатида белгиланиб, амалий ишлар олиб борилмоқда. Бунинг ёрқин ифодасини Қорасув массиви мисолида кўришимиз мумкин.
2018-2020 йилларда бу ерда “Ўзшаҳарқурилишинвест” инжиниринг компанияси томонидан 45 та 7 қаватли ва 3 та 16 қаватли, “Қишлоққурилишинвест” томонидан эса 34 та 5 қаватли уй-жойлар қурилди. “Agromir Buildings” масъулияти чекланган жамияти эса уч йил давомида 3500 хонадонли 65 та 12 ва 16 қаватли турар-жой бинолари бунёд этди. Жорий йилда яна 7 та 16 қаватли, 2 та 25 қаватли уйлар қурилмоқда.
Бу кўп қаватли уйларнинг фасади уч қаватли қопламадан иборат бўлиб, бу хонадонлар қишда иссиқ, ёзда салқин бўлишини таъминлайди. Биноларга видеокузатув тизими, юқори технологияли ёнғин хавфсизлиги ускуналари ўрнатилган. Ҳар бир хонадон алоҳида иситиш қозони билан жиҳозланган. Уйлар эгаларига тайёр ҳолда топширилмоқда.
Шунингдек, бу ерда 1 минг 600 ўринли мактаб, 120 ўринли болалар боғчаси, маҳалла фуқаролар йиғини биноси, савдо дўконлари, ўйин ва спорт майдончалари барпо этилган. Жорий йилда эса футбол академияси, маданият ва истироҳат боғи, битта мактаб ва тўртта мактабгача таълим муассасаси, 240 қатновга мўлжалланган оилавий поликлиника қурилиши давом этмоқда.
Шаҳримиз аҳолисининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Ширин маҳалласида 90 минг аҳоли учун янги шаҳарча барпо этиш, темирйўл орти ҳудудида жойлашган етти мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган “Меҳнат”, “Матонат” ва “Майсазор” маҳалла фуқаролар йиғинларида кўп қаватли турар жойлар, дам олиш масканлари, ижтимоий соҳа объектлари қурилиши лойиҳалари ишлаб чиқилиб, бу борада ҳам дастлабки ишлар бошланди. Бу саъй-ҳаракатлардан кўзланган мақсад аҳоли учун қулайлик яратиш, шаҳар инфратузилмасини яхшилаш ва Самарқандни миллионли шаҳарга айлантиришдир.
Ҳаммаси инсон учун
– Бугун бутун мамлакатимизда, жумладан, Самарқанд шаҳрида амалга оширилаётган улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари, ислоҳотлар ягона мақсад – халқимиз учун муносиб шароит яратиш, турмуш фаровонлигини оширишга, бир сўз билан айтганда, инсон манфаатларига қаратилган, – дейди Самарқанд шаҳар ҳокими Б.Облоқулов. – Бу йил дастури ва бошқа бир қатор давлат ва ҳудудий дастурлар асосида олиб борилаётган ишларда ҳам ўз аксини топмоқда.
Мисол учун, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини олайлик. Ҳар йили ушбу дастурлар асосида юртимиздаги ўнлаб қишлов ва маҳаллалар қиёфаси, инфратузилмаси ўзгариб, аҳоли учун замонавий турмуш шароитлари яратилмоқда. Албатта, барча жойда бир вақтда обод қилиш имконсиз. Мазкур дастурлар эса ҳар йили энг оғир ҳудудларда навбатма-навбат қурилиш, ободонлаштириш ишларини олиб боришга ёрдам бермоқда. Муҳими, энди дастурга киритиладиган маҳалла, қишлоқларни ҳокимият органлари, раҳбарлар эмас, бевосита халқ билан ишловчи, уларнинг орасида юрган депутатлар белгиламоқда, маҳаллий кенгашлар қарори билан тасдиқланмоқда. Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгашининг қарори билан бу йил шаҳримиздаги “Янги Ҳаёт” ва Дўстлик” маҳаллалари дастурга киритилган эди.
Ушбу маҳаллаларда “Обод маҳалла” дастури доирасида муҳандислик-коммуникация тармоқларини янгилаш ва таъмирлаш, йўл ва бозор инфратузилма объектрларини барпо этиш, ижтимоий соҳа объектларини реконструкция қилиш, якка тартибдаги уй-жойларини таъмирлаш ва бошқа ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, “Янги ҳаёт” маҳалласида жойлашган 61-умумий ўрта мактаби қарийб 3 миллиард сўм маблағ сарфланиб, реконструкция қилинди. Иккала маҳаллада 9,5 километр ички йўллар таъмирланмоқда. Шу пайтгача 4 километрдан ортиқ масофада асфальт ётқизиш ишлари бажарилди. “Янги ҳаёт”да 7,3 километр, “Дўстлик”да 10,1 километрлик ичимлик суви оқова тармоғи тортилмоқда. Шунингдек, 14 километр пиёдалар йўлаклари қуриш, 134 та тунги ёритиш чироқлари ўрнатиш ишлари якунига етказилмоқда.
Қаранг, шаҳардаги маҳаллада шу ишлар бажарилмоқда, шу пайтгача бу борада муаммо бўлган. Бундай маҳаллалар шаҳримизда яна бор ва улар ҳам келгуси йилларда дастурлар асосида обод бўлади. Энди бундай ишлар олис қишлоқларда амалга оширилаётганини ва бу одамлар ҳаётида қандай ўзгаришларга сабаб бўлишини тасаввур қилинг. Бу давлатимизнинг, давлатимиз раҳбарининг халқпарвар сиёсати самараси эмасми?
Ёки бугун ижтимоий кўмакка муҳтож аҳоли қатламини қамраб олиб, уларнинг муаммоларига ечим топилишига асос бўлаётган уч дафтарни олайлик. Бу ҳам камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини, доимий даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш учун, хотин-қизлар ва ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш учун амалга оширилаётган эзгу ишларку.
Самарқанд шаҳрида ҳам “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” асосида аҳолинг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича олиб борилган ишлар бугун ўз натижасини бермоқда. Йил бошидан буён “Темир дафтар”га киритилган 191 фуқарога иш билан банд бўлиб, даромад топиши учун турли хилдаги асбоб-ускуналар олиб бердик, 5473 киши доимий ишга жойлаштирилди. Шу каби ишлар натижасида 1918 та оила дафтардан чиқарилди. Қолган 833 та оилани ҳам ижтимоий қўллаб-қувватлаб, ҳаётини изга солиш чоралари кўрилмоқда.
“Аёллар дафтари”га киритилган ёрдамга муҳтож 1937 нафар опа-сингилларимизнинг 439 нафари ўз-ўзини банд қилиш ва бўш иш ўринларига жойлаштириш орқали бандлиги таъминланди. 268 нафарига 5,4 миллиард сўм миқдорида имтизли кредитлар ажратилди. Иккинчи босқичда ушбу дафтарга киритилган 5332 нафар хотин-қизларга ҳам белгиланган тартибда ёрдам кўрсатилиб, уларнинг асосий қисми дафтардан чиқарилди.
“Ёшлар дафтар”ига киритилган 16 минг нафарга яқин йигит-қизларнинг 11 минг 155 нафарига шу пайтгача турли хил ёрдамлар кўрсатилиб, дафтардан чиқаришга эришилди.
Бу рақамларни нима учун келтиряпман? Демоқчиманки, бугун ҳеч ким давлатимизнинг эътиборидан четда эмас. Ҳар бир фуқарога меҳр ва ғамхўрлик кўрсатилмоқда.
Яна бир жиҳати, бугун – шаҳримиз аҳли Самарқанд кунини нишонлар экан, ҳар бир хонадонда бу байрам шукуҳи сезилиши керак. Шаҳар куни шу муқаддам заминда яшаётган ҳар бир шахснинг байрамидир.
Дарвоқе, Самарқанд куни муносабати билан вилоят ҳокимлиги ва бир қатор ташкилотлар кўмагида шаҳримизда қишлоқ хўжалик ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларининг арзонлаштирилган савдо ярамаркаси ташкил этилди. Бу ерда барча туманлардаги фермер хўжаликлари, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан аҳоли кундалик эҳтиёжи учун зарур моллар келтирилиб, шаҳар аҳлига арзон нархларда сотилмоқда.
Самарқанд – ер юзининг сайқали, Шарқ гавҳари, жонажон Ватанимизнинг дурдона шаҳри. Унинг байрами ҳам бутун инсониятининг, халқмизнинг байрамидир.
Самарқанд куни барчамизга муборак бўлсин!
ЎзА мухбири Ғолиб ҲАСАНОВ ёзиб олди
Алишер ИСРОИЛОВ олган суратлар