“Самарқанд-2028” учун муҳим қадам ташланди
Ўзбекистонда космик технологиялардан фойдаланиш имкониятлари яна кенгаймоқда.
Анталия шаҳрида ўтаётган 77-Халқаро астронавтика конгресси — IAC-2026 доирасида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирокида Uzcosmos агентлиги ва STAR.VISION компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ҳужжатни Uzcosmos агентлиги директори Шуҳрат Қодиров ва STAR.VISION компанияси Гуруҳ бош ижрочи директори Данъин Фан имзолади.

Меморандум “Самарқанд-2028” юқори самарадорликка эга гиперспектрал сунъий йўлдоши орқали олинадиган маълумотлардан амалда фойдаланиш бўйича ҳамкорликни назарда тутади. Яъни, йўлдошдан келадиган маълумотлар асосида турли амалий ечимлар ишлаб чиқилади ва синовдан ўтказилади.
Шунингдек, илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, янги технологияларни синаб кўриш ва уларнинг самарадорлигини баҳолаш режалаштирилган. Келгусида муваффақиятли ечимларни тижоратлаштириш имкониятлари ҳам ўрганилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай ҳамкорлик Ўзбекистонда космик маълумотлардан фойдаланиш доирасини кенгайтириш, янги технологияларни амалиётга олиб кириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантиришга хизмат қилади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА