“Samarkand Marathon –2026” мусобақасининг асосий баҳслари давом этмоқда
Мусобақаларда 63 давлатдан 10 мингдан ортиқ атлет иштирок этмоқда. Улар орасида Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатлари ва йирик халқаро марафонлар ғолиблари ва иштирокчилари бор.
Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида марафонга олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпиони, британиялик афсонавий спортчи Сер Мо Фара старт берди.

Дастлаб, 42,2 километр масофага югурувчилар баҳсларга киришган бўлса, сўнгра бигунлар 21 ва 10 километр масофада ҳаракатни бошлади.
Иштирокчилар Самарқанд шаҳридаги тарихий-маданий ёдгорликлар атрофидан ўтган марафон трассаси бўйлаб югурмоқда.
Марафонда 42,2 километр масофага югурувчи эркаклар ва аёллар учун 1-ўринга 15 минг, 2-ўринга 7,5 минг ва 3-ўринга 5 минг АҚШ долларидан мукофот пули берилади. 21 километрлик ярим марафонда 1-ўрин учун 16 минг, 2-ўринга 13 минг ва 3-ўринга 11 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот ажратилган. 10 километрга югурувчилар ғолиби 7 минг, маррага иккинчи ва учинчи бўлиб етиб келганлар 6 ва 5 минг АҚШ долларидан пул мукофоти олади.

Кеча марафоннинг илк кунида ногиронлиги бўлган иштирокчилар, 3 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар, шунингдек, ҳаваскорлар ва аёллар ўртасида 2, 5 километр масофаларга югуриш баҳслари ўтказилганди.

Бу йилги марафондан тушган маблағ мамлакатимиз ҳудудларида болалар спорт майдончалари ташкил этишга йўналтирилади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари