“Самарали ижро тизими” (Policy implementation) жорий қилинади
Президент қарорлари қабул қилинар экан, бирор соҳа ва тармоқда маълум ўзгаришлар амалга оширилишини назарда тутади. Қарорлар ўз вақтида, аниқ ва сифатли ижро этилсагина кутилган натижага эришиш мумкин.
Адлия вазирлиги томонидан “Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ижросини таъминлаш” мавзуига бағишланган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз юритилди.
Қайд этилганидек, 2017-2020 йилларда 456 ҳужжат қабул қилинган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг назоратга олинган 38,7 мингта топшириғи мавжуд. Шунга мутаносиб тизим шакллантирилиб, давлат органларининг сони 36 тага оширилган. Ҳозирда уларнинг сони 98 тани ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларининг ижросини ташкил этишга кўмаклашиш учун ҳар бир туман ва шаҳарларда тўртта сектор фаолияти йўлга қўйилган.
Адлия вазирлиги томонидан ижро масаласида бутунлай янги тизим ишлаб чиқилади. Жумладан, тўрт босқичдан иборат “Самарали ижро тизими” (Policy implementation) жорий қилиш таклиф қилинмоқда.
Биринчи босқичда ижро лойиҳа даврида режалаштирилади. Иккинчи босқичда Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан топшириқлар ижроси ташкил этилади ва бу жараёнга кўмаклашилади. Учинчи босқичда топшириқларнинг баҳолаш тизими жорий этилади. Тўртинчи босқичда топшириқлар ижроси бевосита назорат қилинади.
Янги назорат тизимини амалга ошириш учун мавжуд штатлар доирасида Адлия вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари ижросини назорат қилиш бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилади.
Адлия вазирлиги топшириқларни назорат қилувчи электрон – “Ijro.gov.uz” тизимини такомиллаштириб, янги версиясини ишлаб чиқади. Топшириқлар “Ijro.gov.uz” тизимига киритилади ва масъул ижрочилар белгиланади.
Ижрони таъминлаш чораларини кўриш бўйича уларга огоҳнома ва кўрсатмалар киритилади, айбдор мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилади. Топшириқларнинг жорий ижро ҳолати доимий мониторинг қилинади.
Шунингдек, ОАВда ижро масалалари бўйича ҳар 15 кунда соҳа ва ҳудудлар кесимида “Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда” рукни остидаги чиқишлар йўлга қўйилади. Танқидий муҳокамалар билан бирга, қарорлар ижроси бўйича ижобий тажрибалар ҳам кенг ёритилади.
Қарорлар ижросини назорат қилишнинг энг самарали воситаси бўлган жамоатчилик иштироки ва назорати кенг йўлга қўйилади.
Муаттар Бурҳонова, ЎзА