Самарали бошқарувни йўлга қўйиш, соҳага замонавий модельларни жорий қилиш муҳим масала
Президент Шавкат Мирзиёев «Сифатли давлат бошқаруви» дастури бўйича форум ва тақдирлаш маросимида нутқ сўзлади.
— Самарали бошқарувни йўлга қўйиш, соҳага замонавий модельларни жорий қилиш, Бирлашган Араб Амирликлари эришган ютуқ ва илғор тажрибани татбиқ этиш биз учун фойдали бўлмоқда.
Шуни мамнуният билан таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда ушбу мамлакат билан давлат бошқаруви соҳасидаги ҳамкорлик мутлақо янги босқичга кўтарилди, – деди Президентимиз.
Ўтган йил ноябрь ойида “Бюрократияни бартараф этиш” ҳамда сунъий интеллект бўйича нуфузли халқаро форумлар биргаликда юқори савияда ўтказилди.
Шунингдек, давлат бошқарувида илғор тажриба алмашиш юзасидан ҳамкорлик келишуви имзоланди.
“Сифатли давлат бошқаруви” дастури ана шу шерикликнинг ёрқин амалий натижасидир.
Президентимиз ушбу дастурни муваффақиятли йўлга қўйишда кўрсатган кўмаги учун Амирликлар раҳбарияти ва шахсан Ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад ал-Гаргавийга самимий миннатдорлик билдирди.
ЎзА