Самарқандда энг яхши ижодкорлар тақдирланди
Самарқандда “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Самарқандда “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Ватанимиз мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати ташкил этилган бу йилги танловда “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” деган бош ғоя асосида бадиий ва тасвирий санъат асарлари яратган, мамлакатимиздаги ислоҳотлар жараёнларини оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритган фаол ёзувчи ва шоирлар, рассом ва дизайнерлар, журналист ва блогерлар иштирок этди.

Танловга тақдим этилган 300 га яқин ижодий ишлар ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилиб, олти йўналиш бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
– Бугунги шиддатли замонда жонажон Ватанимизда рўй бераётган янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнлари, шаҳар ва қишлоқларимиздаги бунёдкорлик ишларини кенг ёритиш ҳар бир журналистдан алоҳида масъулият талаб қилади, – дейди босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг энг яхши журналистик иши номинацияси ғолиби, Самарқанд вилояти “Зарафшон” газетаси мухбири А.Ҳайитов. – Боз устига ҳаётимизда интернетнинг ўрни ортиб, аҳолига ахборот тарқатишнинг тезкор ва қулай усуллари кенг оммалашаётган пайтда газеталаримизда хабар бериш билан чекланмай, танқидий-таҳлилий материаллар чоп этиш, шу орқали жамоатчилик фикрини шакллантиришга эътибор кучаймоқда. Ана шу талаблардан келиб чиқиб, тайёрланган материалларим эътироф этилиб, том маънода энг улуғ, энг азиз танлови ғолиби бўлганимдан хурсандман.



Танлов ғолибларига ташкилий қўмита томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.