Самарқанд Давлат университетининг Европа ОТМ билан ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда
Концепцияда Самарқанд Давлат университетининг дунёдаги нуфузли 500 талик олий ўқув даргоҳлари қаторидан жой олиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябридаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида“ги фармони ижросини таъминлаш борасида Самарқанд Давлат университетида амалий ишлар қилинмоқда. Концепцияда Самарқанд Давлат университетининг дунёдаги нуфузли 500 талик олий ўқув даргоҳлари қаторидан жой олиши белгиланган.
Айни пайтга қадар университетнинг Қўшма ҳамкорлик дастури асосида дунёнинг 70 дан ошиқ мамлакатлари олий ўқув даргоҳлари билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатгани, албатта, эътирофлидир. Бир неча кундан буён Самарқанд давлат университети тарих факультетининг декани, доцент Дилфуза Жўрақулова Нидерландиянинг Лейден университетида бўлиб, талабалар, профессор – ўқитувчилар билан қатор мулоқотлар ташкил этиб, ўзаро тажриба алмашмоқда. Эътиборингизга унинг телефон орқали билдирган фикр-мулоҳазаларини ҳавола қиламиз.
– Лейден университетига ташрифимиз, аввало, ҳар иккала таълим муассасасининг ўзаро яқин алоқада бўлганлигидандир, – дейди Дилфуза Жўрақулова. – Ўтган йили Лейден университетининг икки нафар талабаси бизнинг факультетда ўзаро келишилган алмашинув Дастури асосида олти ой мобайнида таҳсил олиб, бир олам таассурот билан қайтган эди. Нидерландиянинг Лейден университетига келиб, магистр ва докторантларга маъруза ўқиш жараёнида шуни англадимки, Марказий Осиё, хусусан, хорижлик илм аҳли ва талаба ёшларнинг Ўзбекистонга, унинг тарихи ва маданиятига бўлган эътибори, қизиқиши катта. Жаҳоннинг бир қанча мамлакатларидан келиб, бу ерда таҳсил олаётган магистр ва докторантларга ўзбек тилида маъруза ўқидим. Хорижлик тингловчиларга Ўзбекистоннинг, хусусан, қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанднинг мозий билан боғлиқ маълумотлари бениҳоя қизиқтирмоқда. Шунингдек, ўз маърузаларимда, мамлакатимиз тарихи, маданияти ва санъати билан бирга президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан бой қадимий маданий меросини сақлаш ва оммалаштириш масалалари борасида амалга ошираётган сиёсати тўғрисида маълумотларни бердим.
Қизиқарли савол-жавоблар сўнггида уларнинг бир қисми Ўзбекистонга келиш истагини билдириб, ўзбек тилида миннатдорчилик билдиришди.