Саломатлик ва атроф-муҳит учун хавфли 40 та таъсир этувчи моддани рўйхатга олиш тақиқланган
Қуйи палата мажлисида Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси раиси А.Уруновнинг “Ўсимликлар карантини соҳасини тартибга солиш, карантин тадбирларини олиб бориш ҳамда кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари билан боғлиқ чора-тадбирларни хавфсиз тарзда бажариш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати тўғрисида”ги парламент сўровига жавоби кўриб чиқилди.
Жавобда келтирилишича, мамлакатимизда ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизимини такомиллаштириш, хавфли кимёвий воситалар муомаласини тартибга солиш, фитосанитария назорати самарадорлигини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
2026 йилнинг ўтган ўн ойи давомида республика чегара ўтказиш пунктларида 155 мингдан ортиқ транспорт воситаси фитосанитария кўригидан ўтказилган, 36 мингдан зиёд ҳолатда маҳсулотлардан намуналар олиниб, лаборатория текширувларига юборилган. Бу карантин объектларининг мамлакат ҳудудига кириб келишининг олдини олиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича муайян ишлар амалга оширилаётганидан далолат беради.
Шу билан бирга, айрим чегара ўтказиш пунктларида аккредитациядан ўтган лабораториялар, замонавий зарарсизлантириш ускуналари ва тегишли инфратузилманинг етарли эмаслиги назорат тадбирларини жойида ва тезкор амалга ошириш имкониятларини чекламоқда. Бу эса соҳада моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, замонавий диагностика имкониятларини кенгайтириш заруратини кўрсатади.
Шунингдек, соҳада хавфли кимёвий воситалар муомаласини тартибга солиш бўйича ҳам чоралар кўрилаётгани айтиб ўтилган. Жумладан, инсон саломатлиги ва атроф-муҳит учун ўта хавфли бўлган 40 та таъсир этувчи моддани рўйхатга олиш тақиқланган, яна 8 тасига чекловлар белгиланган. Минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг улгуржи ҳамда чакана савдосини лицензиялаш тартиби жорий этилган.
Шунингдек, фитосанитария хавфларини олдиндан аниқлаш, фермерларни ўз вақтида огоҳлантириш ҳамда рухсат бериш жараёнларини соддалаштиришга қаратилган сунъий интеллект ечимларини жорий этиш ишлари олиб борилмоқда.
Мажлисда ўсимликлар карантини соҳасини тартибга солиш, карантин тадбирларини олиб бориш, ўсимликларни ҳимоя қилиш масалалари депутатларнинг доимий эътиборида эканлиги таъкидланиб, кун тартибидаги мазкур масала юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди. Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси раисининг жавоби маълумот учун қабул қилинди.
М.Комилова, ЎзА