Саховатли тоғлар бағрида яшамоқ гашти...
Шаҳрисабз сўлим табиати билан Қашқадарё вилоятининг бошқа туманларидан ажралиб туради. Бу ерда таърифи тилга сиғмас, етти иқлимнинг ложувардларини ўзида жамлаган манзиллар бисёр
Шаҳрисабз сўлим табиати билан Қашқадарё вилоятининг бошқа туманларидан ажралиб туради. Бу ерда таърифи тилга сиғмас, етти иқлимнинг ложувардларини ўзида жамлаган манзиллар бисёр. Бири биридан ғаройиб бу гўшаларда бир марта сайр қилган кишининг бор чарчоғи тарқаб, танига қувват инади, руҳияти тиниқлашиб, кайфияти кўтарилади.

Ана шундай масканлардан бири – туман марказидан 70 километр узоқликда жойлашган Сарчашма қишлоғидир. Тўғри, бу қишлоққа бориш бироз машаққат талаб қилади. Аммо ғоят экстремал завқ беради. Айланма, кескин бурилишлари мўл тоғ йўли сизни поғонама-поғона юқорига бошлаб чиқаверади. Тошлари асрларни қаритган тоғ манзараларига ҳали кўзингиз ўрганмай туриб, яна бир мўъжизага дуч келасиз: тоғ йўлининг ўнг томонида бепоён кўл – Ҳисорак сув омбори ястанган. Тўқ кўк тусда, бир маромда товланаётган кўл денгизга менгзайди. Унинг мавжлари устида сузиб юрган буғлар сизни то Бешбек, Ҳисорак қишлоқларигача кузатиб боради. Улардан сўнг Тамшуш ва Нондек қишлоқларидан ўтиб, икки, икки ярим соат деганда Сарчашмага кириб борасиз. Йўлда ҳайдовчига албатта “Сен баҳорни соғинмадингми?” қўшиғини буюртма қилинг. Шунда вақт қандай ўтганини сезмай қоласиз.


Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган манзил – 4 минг 700 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган Сарчашма қишлоғи Қирққиз, Шоҳ юрти, Айритоғ чўққилари этагида жойлашган. Бу ерда асосан тожик миллатига мансуб кишилар деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланиб ҳаёт кечиришади. Деярли ҳар бир хонадон ўзи учун ажратилган ерда деҳқончилик қилиб, ҳар йили тонналаб картошка, олма, ёнғоқ каби маҳсулотларни бозорга чиқаради.
Қишлоққа кириш жойда тўхтаб, табиат аталмиш буюк рассом чизган “сурат”ларга син солиб кузатдик. Улуғвор тоғлар, қор қоплаган виқорли чўққилар атрофга ўзгача фусун бағишлаган. Қалин қорлар остида ўз йўлини ахтариб, шилдираб оқа бошлаган жилғалар жонланиб қолган. Елкасига офтоб доим тегиб турадиган тоғ ён бағирларида чучмомалар ниш уриб, очилиб қолганидан тоғларга баҳор нафаси келганини англайсан киши...
Авлоқул бобо Қаршиев 90 ёшда. У яқин-яқингача қишлоқдаги сув тегирмонни юритган. Суяги меҳнатда қотгани учунми қор-қировли кунларда музлаган, унча-бунча киши тойилиб кетишдан қўрқадиган йўллардан ҳам бардам одимлайди. Меҳнат қилган инсон ҳеч қачон кам бўлмаслигини бот-бот такрорлашдан чарчамайди.
– Тоғ шароити оғир кўрингани билан у жуда саховатли аслида, – дейди Авлоқул бобо Қаршиев. – Мусаффо ҳаво, зилолдек ширин сув, улар ёрдамида нафақат танимиз соғлом, балки етиштирган деҳқончилик, боғдорчилик ва чорвачилик маҳсулотларимиз ҳам сифатли. Масалан, боғимизда 60 туп ёнғоқ бор. Уларнинг ҳар биридан 1 қопдан ёнғоқ териб оламиз. Тоғда етиштирилган картошканинг таъмини билсангиз керак. Қиш фаслида тайёрланган қатиғимиздан ичиб кўрганмисиз? Сарёғни-чи? Буларнинг ҳамма-ҳаммаси тоғнинг бизга берган саховати-да. Бунинг учун фақатгина яратганга шукрона келтирамиз.
Сарчашма аҳолиси асосан деҳқончилик қилиб кун кечиргани учун бу ерда темирчилар ғоят қадрланади. Айни шу кунларда уларнинг устахонасида иш қизигандан қизийди. Чунки далага чиқиш пайти яқин. Кетмон, керки, теша, ҳамма-ҳаммасини шайлаб қўйиш керак. Зеро, иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлур деб бежизга айтишмаган.

70 ёшни қоралаб қолган Эргаш бобо Суяров ҳам эрта тонгдан қош қорайгунча устахонасида. Қишлоқда электр муаммо бўлмай қолгач, Эргаш бобо босқон босишнинг ажойиб усулини ўйлаб топган. У электр варрак ёрдамида оловни алангалатиб, темирни қиздиради. Қип-қизил чўғ тусини олган темирга бот-бот кўз қирини ташлаб, теша ясашда давом этади. Темирчининг нони оғир, лекин балиқ гўштидан ҳам ҳалол, деб бежизга айтишмас экан. Уста битта теша ясаш учун анча вақтгача тиним билмайди. Дарвоқе, у нафақат деҳқонларга, балки дурадгор усталарга ҳам теша ясаб беради. Қишлоқда бундай усталардан 70 чоғлиси бор. Бири қўйиб бири Эргаш бобонинг эшигини тақиллатиб келади. Бобонинг айтишича, ҳунармандчилик – ҳеч қачон урфдан чиқмайдиган соҳа. Бундан ўттиз-қирқ йил олдин одамларда темирчилик устахонасида ясалган буюмларга эҳтиёж қандай бўлган бўлса, ҳозир ҳам ошса ошганки, камайгани йўқ.
– 38 йи
лдан буён темирчилик билан шуғулланаман, – дейди Э.Суяров. – Шунинг ортидан рўзғоримни тебратдим, фарзандларни уйли-жойли қилдим. Темирчилик ҳаётимнинг мазмунига айланиб қолган, десам ҳам адашмайман. Бир кун устахонада ишламасам, нимадир йўқотгандек ҳис қиламан ўзимни. Болға билан қизиган темирга ҳар бир зарбани урганимда ундан чиқаётган садо мусиқадек бир хил ритмда янграшини эшитсам дам оламан. Дилим яйрайди. Икки нафар шогирдим ҳам худди ўзим сингари қишлоқдан устахона очган. Деҳқончилик, ҳунармандчилик учун зарур бўладиган буюмларни ясаб, эл корига яраётганимдан хурсандман.
Қизиғи, Сарчашмада эгри-бугри бўлиб, тепаликка томон ўралаган кўчаларнинг икки четидаги хонадонларнинг бирортаси девор билан ўралмаган. Бу нимадан дарак беради? Қишлоқда “қўли эгри” одам йўқлигидан, ҳамма ўзига тўқлигидан… Синамоқ шарти қишлоқнинг исталган ерига буюмингизни қўйиб кетинг, то ўзингиз қайтиб келмагунингизча биров тегмайди. Қишлоққа бегона кўз ораласа, дарров ҳамма билади.
Дарвоқе, қишлоқда жойлашган мактаб ва болалар боғчаси гарчи олис ҳудудда эканига қарамай вилоятда етакчи таълим муассасаларидан ҳисобланади. Масалан, Сарчашмадаги боғча яқинда вилоят ҳокимлиги томонидан вилоятда 2019 йилда ижобий натижаларга эришган ва барчага ўрнак бўлган энг сара мактабгача таълим ташкилотларидан бири сифатида тақдирланганди. Шу қишлоқда жойлашган 57-умумий ўрта таълим мактаби эса жорий ўқув йилида бир йўла 4 нафар ўқувчиси фан олимпиадасининг вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган. Бу муваффақиятлар сабабини вилоят халқ таълими ва мактабгача таълим бошқармалари мутасаддилари Сарчашмада кадрлар салоҳиятининг юксаклигида деб билади. Уларда ҳар бир ишга масъулият билан ёндашилади. Шунинг учун ҳам бу ердаги мактабдан 15 нафар фан доктори ва фан номзоди етишиб чиққан. Мактабда 3 нафар халқ таълими аълочиси, 1 нафар олий, 11 нафар биринчи, 31 нафар 2-тоифали мутахассислар, жами 72 нафар ўқитувчилар ёшларга билим сирларини ўргатмоқда.
Ўқувчилар бўш вақтларида мусиқа, моҳир қўллар, дурадгорлик ҳамда бошқа спорт ва фан тўгаракларига қатнайди.
Сарчашмада яқинда ёшлар ҳаётида яна бир қувончли воқеа бўлди. 10 миллион сўмлик тожик тилидаги янги китоблар билан бойитилган кўчма кутубхона очилиб, у тез орада ёшларнинг севимли масканига айланди.
Қишлоқда ёз ойларида эркакларнинг деҳқончилик, чорвачилик ишларига қарашган аёллар борлиқни қор қоплаган кунларда ҳам бекор ўтиришмайди.
Бундан ташқари, қишлоқ аёлларидан ташкил топган “Насиме Кўҳсор”, яъни “Тоғлар садоси” фольклор жамоаси ўзининг тожикча, ўзбекча шўх қўшиқлари билан давраларни қизитади. Ҳеч бир тўй, ҳеч бир базм уларнинг иштирокисиз ўтмайди.
– Ўзим шифохонада ҳамшира бўлиб ишлайман, – дейди Хосият Тошева. – Қиш мавсуми қишлоғимизда узоқ давом этади. Шу боис аёлларимиз бўш вақтларида йиғилиб, жун титиб, ип йигирамиз ва шу баҳонада миллий лапарларимизни айтиб хиргойи қиламиз. Тўйларда ҳам шундай базмлар уюштириш анъанага айланиб қолган. Лапарларда миллий урф-одатларимиз акс этган. Энг муҳими уларни айтиш орқали мана шу меросни авлодларга етказамиз. Бундай ашулалар оғиздан оғизга ўтиб, сайқал топиб боқий яшайверади.
Сарчашмада тоғлар ўзининг қор кўрпасини ёпиниб олганига қарамай доим аҳоли нима биландир банд. Ҳар кун шундай бошланиб, шундай тугайди. Юзлаб чашмалардан чиққан сувлар эса жилғаларга айланиб, ҳаёт шодлик ва ғам билан қоришиқ эканидан ривоят қилганча дарё томон интилаверади.