SABER тизими орқали экспорт имкониятлари кенгаяди
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Саад бин Носир бин Абдуллоҳ Абу Ҳаймед билан учрашув ўтказди.
Музокараларда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш, ўзаро савдо айланмасини ошириш, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда Саудия капитали иштирокида ўнлаб корхоналар фаолият юритмоқда. Хусусан, энергетика соҳасида, жумладан, «ACWA Power» компанияси томонидан шамол ва қуёш электр станциялари барпо этиш бўйича йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Учрашувда стандартлаштириш, метрология, маҳсулотларни синовдан ўтказиш, мувофиқликни баҳолаш ва бозор назорати соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари атрофлича кўриб чиқилди. Айниқса, Ўзбекистоннинг мувофиқликни баҳолаш идорасини Саудия Стандартлар, Метрология ва Сифат ташкилоти (SASO)нинг SABER электрон платформасида рўйхатдан ўтказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Маълум қилинишича, SABER тизими Саудия Арабистонига импорт қилинадиган маҳсулотларнинг мамлакат техник регламентлари ва стандартлари талабларига мувофиқлигини электрон тарзда тасдиқлаш ҳамда сертификатлаш жараёнларини соддалаштиришга хизмат қилади.

Шунингдек, рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, техник тартибга солиш ва бозор назорати соҳаларида илғор тажрибалар алмашиш, шунингдек, мувофиқликни баҳолаш натижаларини ўзаро тан олиш бўйича ҳукуматлараро битим лойиҳасини ишлаб чиқиш таклифи ҳам илгари сурилди.
Томонлар «яшил» энергетика, транспорт, геология, тўқимачилик, туризм ва инфратузилма соҳаларида амалга оширилаётган йирик қўшма лойиҳаларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишда стандартлаштириш ва техник тартибга солиш тизими муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

Учрашув якунида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, миллий техник регламентларни халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, замонавий бозор назорати механизмларини кенг жорий этиш ҳамда икки мамлакатнинг ваколатли идоралари ўртасидаги институционал ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан ўзаро англашувга эришилди.
Мутахассислар фикрича, мазкур келишувлар Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги стратегик иқтисодий шерикликни янада мустаҳкамлаш, миллий техник тартибга солиш тизимини халқаро амалиётлар билан уйғунлаштириш ҳамда мамлакатнинг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА