Сўхнинг янги даврини бошлаб бераётган қарор
Мамлакатимизнинг бир бўлаги ҳисобланган Сўхда рўй бераётган янгиланиш ва ўзгаришларнинг барчаси халқ манфаатига қаратилганки, бунинг қадр-қиммати, аҳамияти беқиёс.
Мамлакатимизнинг бир бўлаги ҳисобланган Сўхда рўй бераётган янгиланиш ва ўзгаришларнинг барчаси халқ манфаатига қаратилганки, бунинг қадр-қиммати, аҳамияти беқиёс.
Пурвиқор тоғлар бағридаги бу ҳудудда барча йўналишларда кенг қамровли бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилган. Сўхликлар билан суҳбатлашсангиз, шукроналиклардан бугунги ҳаётидан рози эканлигини илғаб оласиз. Тоғликларга хос бўлган тантилиги, меҳнаткашлиги ва меҳмондўстлигига қойил қолмай иложингиз йўқ.
Президентимизнинг жорий йил 8 августда қабул қилинган “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса чегарадош туман аҳолисига бўлган юксак эътиборнинг яна бир ифодаси бўлди. Мазкур қарор сўхликларни чексиз қувонтирмоқда, улкан мақсадлар сари руҳлантираётир
– Туманимизда барча соҳаларни ривожлантириш учун имкониятлар етарли, – дейди туман ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев. – Афсуски, кейинги пайтда бу борадаги ишларга етарли даражада эътибор қаратилмади. Хусусан, ижтимоий-иқтисодий йўналишда ечимини кутаётган масалалар талайгина. Ички йўлларнинг 60 фоизи таъмирталаб, аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 76 фоизни ташкил этади. Туманнинг вилоят саноатидаги улуши бир фоизни ташкил қилиб, аҳоли жон бошига ишлаб чиқарилган саноат маҳсулоти ҳажми вилоят кўрсатгичига нисбатан 2,2 баробар, хизматлар 2,5 баробар, экспорт эса 6, 3 баробарга паст. Шунингдек, туманимизда мактабгача таълим, тиббиёт соҳаларида ҳам малакали кадрларга эҳтиёж катта. Қарор билан тасдиқланган 2020-2021 йилларда Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирларининг манзилли дастури эса бу каби муаммоларга ечим топади.
Дастурга 146 та лойиҳа киритилган бўлиб, 639 миллирад сўм маблағ сарф этилади. Ундан тижорат банклари кредитлари 123,5 миллиард сўмни, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 5,2 миллион долларни ташкил қилади.
Туманда замонавий рақобатбардош саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича янги қувватларни ташкил этиш ва уларни ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш, таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тиббиёт соҳаси ва педагог ходимларнинг меҳнатини янада рағбатлантириш, туманда олий маълумотли мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қондириш, таълим ва тиббиёт хизматлари сифатини ошириш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, уларнинг иш билан бандлигини таъминлаш каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сўхда ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркорлар кўплаб топилади. Улар сафини янада кенгайтириш, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлганларга шароитлар яратиш туман иқтисодиётини ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Қарорга кўра, туманда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор имтиёзлар берилди.
Хусусан, 2020 йилда жисмоний шахслар ер солиғи ва мол-мулк солиғини тўлашдан озод этилди. Шунингдек, жорий йил 1 августдан бошлаб 2021 йил 31 июлга қадар якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи амалдаги қатъий белгиланган солиқ ставкасининг 50 фоизи миқдорида белгиланиб, алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномасини олиш учун йиғимни тўлашдан озод қилингани ҳам катта имконият бўлди.
Туманда бугунги кунда 14 мингдан ортиқ молк-мулк ва ер солиғи тўловчилар бор. Солиқ имтиёзининг татбиқ қилиниши натижасида жорий йилда 2 миллиард 300 миллион сўмлик маблағлар туман аҳолиси ихтиёрига қолдирилмоқда. Шунингдек, 400 дан ортиқ кичик бизнес субъектлари ҳам ана шундай имкониятлардан фойдаланади.
Саноат, хизматлар ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича 95 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 5 мингта янги иш ўринларини яратилади. 160 километр шағал қопламали йўлларни цементобетон қопламага ўтказиш ва асфальт қоплама ётқизиш, 106 километр тупроқ йўлларни шағал қопламага ўтказиш ва 40 километр цементобетон пиёдалар йўлакларини қуриш ишлари амалга оширилади. “Офтобру”, “Тул”, “Ҳушёр”, “Қақир”, “Қарир-Себзор”, “Сариканда”, “Ҳазрат али”, “Равон”, “Янгиариқ”, “Навобод”, “Ленбург”, “Қалача”, “Ғазнов”, “Сўх”, “Чашма”, “Демурсад”, “Шарқобод” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида яшовчи 59 минг нафар аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида 274 километр ичимлик сув тармоғи тортиш ва 30 та ичимлик сув иншооти қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган.
Мактабгача таълим қамровини кенгайтириш, мактаблар ва тиббиёт масканларини моддий техник базасини мустаҳкамлаш учун ҳам барча чора-тадбирлар белгиланди. Хусусан, туманда мактабгача таълим тизимига жорий йил якунларига кўра болаларни қамраб олиш кўрсаткичини 37,4 фоиздан 53 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Туманда қишлоқ хўжалиги ерлари ва аҳоли томорқаларини сув таъминотини яхшилаш, фойдаланилмаётган ерларни ўзлаштириш борасида ҳам кўплаб ишлар бажарилиши режалаштирилган. Қайроқ массивидаги 1 448 гектар яйлов майдонларини ўзлаштириш учун уч кўтармали “Қайроқ” насос станциясини босқичма-босқич қурилади. Ҳушёр ширкат хўжалиги Бўстон ҳудудидаги 600 гектар экин ер майдонлари ва 100 гектар аҳоли томорқаларини кафолатли сув билан таъминлаш учун “Ҳушёр-1” ва “Ҳушёр-2” насос станциялари таъмирланади.
– Туманимиз доимо давлатимиз раҳбарининг эътиборида, – дейди меҳнат фахрийси Тожибой Дадабоев. – Сўх учун чиққан қарор эса тарихий воқеа бўлди десак, янглишмаймиз. Унда ҳар бир масалага алоҳида эътибор қаратилган. Айниқса, бизни йўл, қўшни давлат ҳудуди орқали ҳаракатланиш масаласи жуда қийнарди. Фарғона шаҳридан Сўх туманига кичик авиация транспорти орқали аҳолига мақбул нархларда қатновлар йўлга қўйилиши эса катта ғамхўрликдир. Мазкур қарор ижросини таъминлашда халқимиз елкадош бўлади. Бундай эътибор учун жуда миннатдормиз.
Янги Ўзбекистоннинг бағрида бугун Сўх бутунлай қайта янгиланмоқда. Буларнинг барчаси аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ва фаровонлигини оширишга хизмат қилади.


