Сўхда тест синовлари 2-3 сентябрь кунлари бўлиб ўтади
Фарғона вилоятидаги 6 та стадионлар тест синовларини ўтказиш учун ҳозирлаб қўйилди.
Фарғона вилоятидаги 6 та стадионлар тест синовларини ўтказиш учун ҳозирлаб қўйилди. Хусусан, анклав ҳудуд – Сўх туманидан олий ўқув юртларига ҳужжат топширган абитуриентлар учун жорий йилда шу ернинг ўзида имтиҳон бўлиб ўтади. Бунинг учун “Сўғдиёна” марказий ўйингоҳида барча шароитлар яратилди.
– Туманимизда тест топшириш жараёнлари икки кун, яъни 2-3 сентябрь кунлари ўтказилиши режалаштирилган, – дейди туман ҳокими ўринбосари Бобосодиқ Латипов. – Ҳозирда зарурий жиҳозлар – тунги ёритгич чироқлари, кузатув камераларини ўрнатиб бўлдик. Коронавирус пандемияси шароитида белгиланган санитария қоидаларига қатъий риоя қилинади. 750 ўринли бу жойда икки сменада тест синовлари ташкил қилинади. Бу йил туманимиздан 2 минг 995 нафар абитуриентлар рўйхатга олинган. Президентимиз томонидан сўхлик ёшлар учун давлат гранти асосида ўқиш учун 500 та квотанинг ажратилганлиги ҳам юксак эътибор намунаси бўлди.

Тошкент шаҳридаги қурилишларда ишлаётган 20 нафар туман ёшлари пойтахтда, турли сабабларга кўра вилоятнинг бошқа ҳудудларида бўлган 61 нафар абитуриент эса Фарғона шаҳрида тест синовларини топширади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Сўх тумани ёшлари учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича давлат гранти асосидаги қўшимча қабул кўрсаткичларининг олий таълим муассасалар кесимида тақсимотини белгилаган. Унга кўра, имтиёзли квоталар 21 та олий ўқув юртига берилди.
Бугундан бошлаб эса Сўх туманида айрим абитуриентлар учун касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди.