“Рухсор” телевидениеси жаҳонга чиқмоқда
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, Туркия, Россия, Хитой, Саудия Арабистони каби давлатлар журналистлар ассоциациялари билан тўғридан-тўғри ижодий ва ҳамкорлик муносабатларини ўрнатган.
Хитойнинг Шаньдун провинцияси журналистлар ассоциациясининг оммавий ахборот воситалари вакиллари делегацияси Фарғонага ташриф буюрган, ҳамкасблари билан ўзаро тажриба алмашган ва бу ерда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида туркум видеорепортаж, мақолалар тайёрлаган эдилар. Кейинчалик, фарғоналик журналистлар ҳам Хитойнинг ялпи ички маҳсулоти 1.4 триллион АҚШ долларига тенг бўлган Шаньдун провинциясида бўлдилар.

Ижодий ҳамкорлик тобора такомиллашиб бормоқда. Шу кунларда Ўзбекистонга ташриф буюрган Шаньдун провинцияси журналистлар ассоциацияси, Шаньдун телерадиостанцияси билан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими ҳамда Марғилондаги “Рухсор” телерадиокомпанияси ўртасида ижодий ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Унга кўра, Шаньдун ва “Рухсор” ТРКлари ҳар ойда энг долзарб мавзу ва янгиликлар тўғрисидаги видеоахборотлар алмашадилар. Икки телевидение ўзаро келишилган мавзуларда видеофильмлар яратадилар ва хитой-ўзбек тилларида намойиш қиладилар.

Келаси йилдан бошлаб Шаньдун журналистлар ассоциацияси ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими 2 нафардан журналистларнинг алмашлаб икки мамлакатда фаолият кўрсатишини таъминлайди.
Шартнома тантанали равишда Хитой ва Ўзбекистон ОАВлари вакиллари иштирокида имзоланди. Шундай қилиб, энди Марғилондаги “Рухсор” ТРК кўрсатувлари Хитойнинг Шаньдун телевидениеси орқали ҳам намойиш қилинади, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими эса лойиҳанинг ташаббускори сифатида ижодий муносабатларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлайди.

Муҳаммаджон Обидов.