Рухсатсиз қайта режалаштириш ҳолати назоратга олинди
Навоий вилояти ҳудудий Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси томонидан кўп қаватли уйларнинг техник ҳолатини ўрганиш, уларда амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларининг қонунийлиги ҳамда хавфсизлик талабларига мувофиқлигини таъминлаш юзасидан назорат тадбирлари изчил давом эттирилмоқда.
Навоий шаҳри Амир Темур кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирида ўтказилган назорат тадбирида хонадон мулкдори томонидан тегишли рухсатномаларсиз қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани, шунингдек, хонадоннинг ички тўсиқ конструкцияларини ўзбошимчалик билан қайта режалаштиришга уриниш ҳолати аниқланди.

– Аниқланган ҳолат юзасидан хонадон мулкдорига қонунга хилоф равишда амалга оширилган ўзгаришларни белгиланган тартибда бартараф этиш ҳамда хонадонни аввалги ҳолатига келтириш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган муддатли ёзма кўрсатма берилди, – дейди ҳудудий инспекция шуъба бошлиғи Йўлдош Жумаев. – Шу билан бирга, берилган ёзма кўрсатма талаблари белгиланган муддатда бажарилмаган тақдирда, амалдаги қонунчиликка мувофиқ маъмурий жавобгарликка тортилиши ҳақида мулкдор огоҳлантирилди. Мазкур ҳолат ҳудудий инспекция томонидан назоратга олинди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, кўп қаватли уйларда хонадоннинг конструктив элементларига таъсир қилувчи қайта режалаштириш ёки қурилиш-таъмирлаш ишларини тегишли рухсатларсиз амалга ошириш нафақат қонунчилик талабларининг бузилишига, балки бино конструкцияларининг техник ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши ва аҳоли хавфсизлигига таҳдид туғдириши мумкин. Шу боис хонадон эгаларига қурилиш-таъмирлаш ва қайта режалаштириш ишларини бошлашдан олдин белгиланган тартибда тегишли рухсат ва келишувларни расмийлаштириш тавсия этилади.

Навоий вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати ҳудудий инспекцияси томонидан аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, кўп қаватли уйларнинг техник ҳолатини назорат қилиш ҳамда рухсатсиз қурилиш-таъмирлаш ишларининг олдини олишга қаратилган тадбирлар ҳудудлар бўйлаб изчил давом эттирилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири