Рақамли маконда масъулият фақат ахборотни яратувчига эмас, тарқатувчига ҳам тегишли
Бугун ижтимоий тармоқлар ахборот алмашиш, фикр билдириш ва жамоатчилик билан мулоқот қилишнинг энг оммалашган воситаларидан бирига айланди.
Уларда ҳар ким ўз фикрини билдириши, муайян воқеа-ҳодиса ҳақида маълумот тарқатиши ёки бошқаларнинг контентини улашиши мумкин.
Бироқ рақамли макондаги эркинлик масъулиятни ҳам тақозо этади. Интернетда жойлаштирилган ҳар бир пост, видео, изоҳ ёки репост муайян ҳуқуқий ва ижтимоий оқибатларга эга бўлиши мумкин. Шу боис ахборотни яратувчи билан бир қаторда уни тарқатувчи ҳам контентнинг мазмунига эътибор қаратиши муҳим.
Ўзбекистон қонунчилигида ахборот тарқатиш соҳасини тартибга солувчи бир қатор қатъий талаблар белгиланган. Жумладан, миллий қонунчилигимизга мувофиқ, зўравонлик ва шафқатсизликни, терроризм ва экстремизм ғояларини тарғиб қилувчи, миллий, ирқий ёки диний адоватни қўзғатувчи ахборотларни тарқатиш тақиқланади. Шунингдек, порнография, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар истеъмолини тарғиб этиш, ўз жонига қасд қилишга даъват этиш ҳамда қонун билан тақиқланган бошқа турдаги маълумотларни тарқатишга нисбатан жиддий чекловлар мавжуд.
Шунингдек, шахснинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига дахл қилувчи ахборотни тарқатиш, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузиш ҳам қонунчиликда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
“Ўзкомназорат” инспекцияси маълумотига кўра, интернет тармоғи ва оммавий ахборот воситаларида қонунчилик талабларига риоя этилиши юзасидан мониторинг ва назорат тадбирлари амалга оширилади. Қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган тақдирда, амалдаги қонунчиликда назарда тутилган таъсир чоралари қўлланилиши мумкин.
Айни пайтда рақамли муҳитда яна бир муҳим масала, ахборотнинг ишончлилигини таъминлаш. Хусусан, ижтимоий тармоқларда шов-шувли хабарлар, текширилмаган маълумотлар ва турли манбалардан олинган контентлар жуда тез тарқалади. Бундай ахборотни манбасини текширмасдан қайта тарқатиш эса нотўғри тасаввурларнинг шаклланишига, айрим ҳолларда эса шахслар ёки ташкилотларнинг обрўсига зарар етишига олиб келиши мумкин.
Сунъий интеллект технологияларининг жадал ривожланиши бу масалани янада долзарблаштирмоқда. Хусусан, deepfake технологиялари орқали шахснинг овози, қиёфаси ёки ҳаракатларини сунъий тарзда ўзгартирган аудио ва видеолар тайёрланиши мумкин. Бундай контентнинг ўзига эмас, балки унинг мазмуни, мақсади ва тарқатилиши натижасида юзага келадиган ҳуқуқий оқибатларга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Шунинг учун интернет фойдаланувчиси ахборотни қайта тарқатишдан олдин унинг манбаси, ишончлилиги ва мазмунига эътибор қаратиши керак. Айниқса, ҳиссий таъсирга эга, шов-шувли ёки жиддий айбловларни ўз ичига олган хабарларни текширмасдан репост қилишдан сақланиш муҳим.
Зеро, рақамли маконда “репост” ёки “улашиш” оддий техник ҳаракатдек кўринса-да, тарқатилаётган ахборотнинг мазмуни қонунчилик талабларига зид бўлса, бу муайян ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Бинобарин, бугунги ахборот маконида масъулият фақат контент яратувчига эмас, уни қайта тарқатувчига ҳам тегишли. Рақамли саводхонлик ва ҳуқуқий маданият эса ахборот эркинлигидан масъулиятли ва тўғри фойдаланишнинг муҳим шартидир.
А. РУСТАМОВ,
ЎзА