Рухсатсиз олиб кирилаётган қуроллар ушланди
“Навоий” чегара-божхона постида божхона назорати жараёнида мамлакатимиз ҳудудига тегишли рухсат берувчи ҳужжатларсиз олиб кирилаётган қурол ва бошқа буюмлар аниқланди.
Жумладан, постга пиёда ҳолда кириб келган фуқаронинг қўл юклари белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилган. Текширув давомида йўловчининг қўл сумкасидан оғзаки сўровда маълум қилинмаган ҳамда божхона декларациясида кўрсатилмаган 1 дона пневматик тўппонча ва 8 дона патрон борлиги аниқланган.
Яна бир ҳолатда эса бошқа давлат фуқароси автотранспорт воситасида мамлакатимиз ҳудудига кириб келаётган вақтида транспорт воситаси божхона назоратидан ўтказилган. Кўрик жараёнида юклар орасидан 1 дона тўппонча, 1 дона қўл кишани ҳамда турли хилдаги 21 дона хотира қурилмаси топилган.
Аниқланган қурол ва бошқа буюмларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш учун фуқароларда тегишли рухсат берувчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган. Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан белгиланган тартибда текширув ишлари олиб борилмоқда.
Божхона назоратининг самарали ташкил этилиши мамлакатимиз ҳудудига тақиқланган ёки тегишли рухсатсиз товар ва буюмларнинг ноқонуний олиб кирилишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
А.Мусаев, ЎзА