Рустам Қосимжонов: "Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси Ўзбекистон учун тарихий воқеа бўлди"
Кўксарой қароргоҳида 29 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида шахмат ва парашахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоалари аъзолари билан учрашув ҳамда уларга давлат мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди.
– Ўзбекистонда Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси юқори савияда ташкил этилди. Бу жуда катта тарихий мусобақадир, – деди шахмат бўйича Ўзбекистон эркаклар миллий терма жамоаси бош мураббийи Рустам Қосимжонов. – Мазкур нуфузли турнир Марказий Осиё ҳудудида илк маротаба ўтказилди ва унда 200 дан ортиқ давлатдан ташриф буюрган энг кучли шахматчилар иштирок этди. Аҳамиятлиси, шахматчиларимиз мусобақанинг бошидан охиригача етакчиликни қўлдан бой бермай, биринчи ўринда боришди. Ўзбекистонлик мураббий ва шахматчи эканимдан чексиз фахрланаман.
Шахматчи учун доимий қўллаб-қувватлов ва давлатнинг юксак эътибори жуда муҳим. Бугун бизда буларнинг барчаси муҳайё. Имкониятларимиз чексиз, чунки муҳтарам Президентимизнинг соҳага бўлган эътиборлари жуда юқори. Айнан мана шундай ғамхўрлик сабабли вакилларимиз дунё миқёсидаги энг йирик мусобақаларда мунтазам қатнашиб, юксак ғалабаларни қўлга киритиб келмоқда.
Шу йилнинг ноябрь ойида Жавоҳир Синдаров шахмат тожи учун кечадиган жаҳон чемпионати баҳсида иштирок этади. Бу ҳам ўзбек спорти тарихидаги жуда муҳим ва оламшумул ҳодисадир, боиси шу пайтгача ҳеч бир ўзбекистонлик шахматчи бундай форматдаги жаҳон чемпионатида дона сурмаган. Унга ушбу тарихий баҳсда омад тилайман.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига мувофиқ, Самарқандда ўтган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ва 3-Парашахмат олимпиадасида эришилган юксак натижалар учун терма жамоа бош мураббийи Рустам Қосимжонов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони билан тақдирланди.
Видеоси қуйида:
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ (фото),
Ёқубжон МЕЛИБОЕВ (видео),
ЎзА