Хавфсиз, тартибли ва даромадли миграция: Ўзбекистонда янги тизим жорий этилмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев 2 ноябрь куни Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги “Intil” халқаро тил ва касбга ўқитиш маркази фаолияти билан танишди.
Мамлакатимизда хорижда ишлаш истагидаги фуқароларни аниқ иш ўринларига мақсадли тайёрлашга эътибор қаратилмоқда. Бунда тил ўргатиш, касбий кўникма бериш, малакани тасдиқлаш ва ишга жойлашишга кўмаклашиш жараёнларини ўзаро боғлаш муҳим аҳамиятга эга. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги томонидан ташкил этилган марказ ана шу вазифаларга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбарига марказнинг имкониятлари, таълим дастурлари ва хорижлик ҳамкорлар билан йўлга қўйилган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
– Ўн йил олдин қонуний миграция бўйича саноқли давлатлар билан келишувимиз бор эди. Бугун очиқлик сиёсатимиз туфайли ёшларимиз учун кўплаб давлатларда муносиб иш имкониятлари очилмоқда, – деди Президентимиз. – Мен ёшларимизни чет элга оддий ишчи эмас, малакали мутахассис сифатида юбормоқчиман. Мақсадимиз – уларга касб ўргатиш, янги муҳит ва маданиятга мослашишига кўмаклашиш.
Қарийб 3,5 гектар майдонда жойлашган марказда фуқаронинг дастлабки мурожаатидан тортиб, ҳужжатларини расмийлаштириш, тил ва касб ўрганиш, имтиҳон топшириш ҳамда хорижга ишга жўнаб кетишигача бўлган жараёнлар бир жойда ташкил этилган. Фронт-офисда маслаҳат ва виза масалалари бўйича кўмак кўрсатилади. Бу ерда банк хизматлари, авиачипта кассалари ва колл-марказ ҳам фаолият юритади.
Мажмуада 600 ўринли ўқув, 180 ўринли амалий машғулот хоналари, 120 ўринли имтиҳон маркази ва 400 ўринли ётоқхона мавжуд. Ҳозирда 6 та халқаро лойиҳа доирасида 240 нафар тингловчи таҳсил олмоқда. Улар учун ўқиш ва ётоқхона бепул.
Президентимиз тил ва касбга ўқитиш хоналаридаги машғулотлар билан танишди. Марказда немис, инглиз, япон, корейс, чех, поляк, итальян ва словак тиллари ўргатилади. Тил тайёргарлиги дастурлари 6 ойдан 10 ойгача давом этади. Уларнинг мазмуни хорижлик иш берувчиларнинг эҳтиёжларига қараб янгилаб борилади.
Касбий таълим 12 та дастурни қамраб олган. Тингловчилар тиббиёт, пайвандчилик, электр ва сантехника ишлари, омбор логистикаси, қурилиш, меҳмонхона ва ресторан хизмати, ошпазлик каби йўналишлар бўйича тайёрланмоқда.
– Қаерга борманглар, ўша давлатда маданиятимиз, урф-одатларимиз ва тарихимизни таништиринглар. Яқинда Япониянинг Нагоя шаҳри мэри ёшларимизнинг маданияти ва одобига қойил қолиб, менга мактуб йўллади. Сизлар ҳақингизда ҳам “буюк тарихга эга буюк мамлакат фарзандлари экан” деган гаплар айтилишини истайман, – деди Президентимиз тингловчилар билан суҳбатда.
Мамлакатимиз етакчиси амалий симуляция хоналарида коммунал ва қурилиш соҳаларига оид машғулотларни кўздан кечирди. Бу ерда тингловчилар иш жойига яқинлаштирилган шароитда касбий кўникмаларини мустаҳкамлайди. Жумладан, сантехника ва электр тизимлари билан ишлаш ўргатилади, пайвандчилар ISO 9606 халқаро стандартлари асосида тайёрланади. Ўқув жиҳозлари Германия, Хитой ва Россиядан келтирилган.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари имтиҳон хоналарини кўрди. Марказда тингловчиларни халқаро тил сертификатларига тайёрлашга эътибор қаратилиб, ÖSD, TELC, J-CERT ва EPS TOPIK имтиҳонларини топшириш имконияти яратилган.
– Инглиз тилига қандай имтиёз берган бўлсак, немис ва япон тилларини ҳам шундай ўргатамиз. Мактабни тугатгандан кейин кафолатли иш жойига эга бўлиши учун тилни ҳам, касбни ҳам мактабдаёқ ўргатишимиз керак, – деди Президентимиз.
Тайёргарлик хорижлик ҳамкорлар билан биргаликда олиб борилмоқда. “Proud Partners”, “Onodera User Run”, “Deutsche Bahn”, “RecruitMed GmbH”, “PentaHospital” компаниялари ва Перуджиа университети иштирокидаги лойиҳалар фуқароларни иш берувчилар талабига мос ўқитиш ва ишга жойлаштиришга кўмаклашишга қаратилган.
Тингловчилар учун коворкинг, спорт майдончалари ва дам олиш ҳудудлари ҳам ташкил этилган. Марказда 40 нафар маҳаллий ходим ва ўқитувчи, шунингдек, 6 нафар хорижлик тил ўқитувчиси фаолият юритмоқда.
Давлатимиз раҳбари чет эллик иш берувчилар эҳтиёжидан келиб чиқиб, номзодларни саралаш, тил ва касбга ўқитиш ҳамда ишга жойлаштиришга кўмаклашишни бирлаштирган ушбу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам жорий этиш юзасидан тавсиялар берди.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев меҳнат миграцияси ҳамда хорижда ишлаш истагидаги аҳолини тил ва касбларга мақсадли ўқитиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Жаҳон меҳнат бозоридаги талаб ўзгариб бормоқда. Бугун дунёда 168 миллион киши хорижий меҳнат миграциясида. Бир томондан, мамлакатимизда чет элда ишлаш истагидаги фуқаролар бор, иккинчи томондан, қатор давлатларда малакали ишчи кучига эҳтиёж ортиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари ушбу имкониятларни ўзаро боғлаш, фуқароларни аниқ иш ўринларига тайёрлаш зарурлигини таъкидлади.
Сўнгги йилларда тартибли меҳнат миграцияси бўйича ҳамкорлик кўлами кенгайди. Илгари мазкур йўналишда учта давлат билан иш олиб борилган бўлса, ҳозир уларнинг сони 27 тага етди. Ҳамкорлик қилаётган йирик хорижлик иш берувчилар сони қарийб 400 тага кўпайди. Чет элда ишлаётган юртдошларимиз сони ўн йилда икки баравар камайган бўлса-да, уларнинг оилаларига юбораётган маблағлари тўрт карра ошди. Бу фуқароларнинг юқори малакали ва даромадли ишларга жойлашиши нақадар муҳимлигини кўрсатади.
Бироқ ҳудудлар натижалари ўртасида катта тафовут сақланмоқда. Хорижда ишлаётган бир кишига тўғри келадиган ўртача ойлик пул ўтказмаси Фарғонада 1 минг 850 доллар бўлса, айрим ҳудудларда 400 долларга ҳам етмайди. Ҳокимлар, элчилар ва техникум раҳбарлари фуқароларни юқори даромадли ишларга тайёрлаш бўйича фаолиятини қайта кўриб чиқиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Германия, Туркия, Словакия ва Қатарда иш берувчиларни техникумлар билан боғлаш бўйича ижобий мисоллар бор. Бошқа мамлакатлардаги элчилар ҳам меҳнат бозори имкониятларини аниқ иш ўринлари ва кадрлар тайёрлаш дастурларига айлантириши лозимлиги қайд этилди.
Европа Иттифоқи Марказий Осиёдан мутахассисларни жалб этиш масаласини илк бор миграция стратегиясига киритган. Буюк Британияда ҳам 33 минг ишчига эҳтиёж бор. Шунга қарамай, бу мамлакатга юртдошларимиз асосан қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишларга бормоқда. Тиббиёт, логистика ва саноат соҳаларида иш берувчилар билан аниқ келишувларга эришиш, Италия билан мавжуд имкониятлардан фойдаланиш, шунингдек, “Ёшлар мобиллиги” дастурида иштирок этиш масаласини ҳал қилиш вазифаси қўйилди.
Президентимиз чет тилларини билиш юқори даромадли иш топишнинг асосий шартларидан бири эканига эътибор қаратди. Мамлакатимизда инглиз тилини пухта ўрганиб, сертификат олган 200 мингга яқин ёш бор. Уларнинг АҚШ, Канада, Австралия, Янги Зеландия ва бошқа давлатларда ишлаши учун имкониятларни кенгайтириш зарур.
Германиядан жорий йилнинг ўзида 45 минг мутахассисга буюртма келиб тушган, аммо атиги 2 минг киши ишга жойлашган. Бунга немис тилини биладиган кадрлар етишмаслиги сабаб бўлмоқда. Шу боис, касбий таълим билан тил тайёргарлигини бирга олиб бориш, хорижлик иш берувчилар буюртмасини техникумлардаги ўқув дастурлари билан боғлаш муҳимлиги таъкидланди.
Ҳар бир вилоятдаги икки-учта техникумда касб билан бирга немис тилини ўқитишни йўлга қўйиш вазифаси қўйилди. “Intil” халқаро ўқув марказида “Telc” компанияси иштирокида 100 нафар немис тили ўқитувчисини тайёрлаш бошланган. Келаси йил улар ҳудудлардаги техникумларга жалб қилинади. Мактаб ва техникумлар учун яна 500 нафар немис тили эгасини олиб келиш, олий таълим муассасаларида немис тили ўқитувчиларини тайёрлаш бўйича давлат буюртмасини икки карра ошириш белгиланди.
Вилоят ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари “Intil” маркази тажрибасини ўрганиб, келаси йили ҳар бир ҳудудда ягона миграция марказини очади. Бунинг учун ҳар бир вилоятга 8 миллиард сўмдан ажратилади. Келаси йил 10 минг кишини касб ва немис тилига ўргатиб, Германияда ишга жойлаштириш вазифаси қўйилди.
Йирик хорижий компаниялар ўзларига зарур мутахассисларни Ўзбекистон техникумларида тайёрлашга қизиқиш билдирмоқда. Шу асосда бир ой ичида 20 та техникум танланиб, уларнинг дастурлари хорижлик иш берувчилар талабига мослаштирилади. Ҳар бир вилоятдаги яна икки-учта техникумни йирик тадбиркорлар бошқарувига бериш, улар орқали йилига камида 30 минг нафар ишга тайёр мутахассис етиштириш режалаштирилмоқда.
Бундай техникумлар 15 йилга бошқарувга берилади, битирувчилар давлат намунасидаги малака сертификатини олади. Кадр тайёрлаш ва жиҳозларга сарфланган маблағларни солиқлардан чегириш, хорижда яхши ишга жойлашган битирувчилар учун грант ажратиш кўзда тутилмоқда.
Йиғилишда хусусий бандлик агентликлари фаолияти ҳам таҳлил қилинди. Лицензия бериш тартиби соддалаштирилгач, икки йилда уларнинг сони уч баравар, агентликлар орқали хорижда ишга жойлашганлар сони беш карра ортди.
Келаси йил фуқароларни хорижга ишга юбориш вазифаси хусусий сектордаги ишончли бандлик агентликларига ўтказилади. Юқори даромадли ишга жойлаштирилган ҳар бир фуқаро учун уларга 1,5 миллион сўмдан рағбат пули тўланади. Агентликларнинг очиқ рейтинги юритилиб, ишга жойлашиш натижаси, фуқаролар ҳуқуқларининг ҳимояси ва ижтимоий кафолатлар асосий мезон бўлади.
Жорий йилнинг ўзида 34 та давлатда 287 минг кишини ишга жойлаштириш имконияти мавжуд, бироқ бу ҳақда фуқароларга етарли маълумот етказилмаяпти.
Энди хориждаги ҳар бир иш ўрни бўйича мутахассисга қўйиладиган талаб, зарур тил ва ўқиш имкониятлари ҳақидаги маълумот маҳаллагача етказилади. “Маҳалла еттилиги” чет элда ишлаш истагидаги фуқароларни “Онлайн маҳалла” платформасига киритади. Ҳокимлар ва масъул ташкилотлар уларнинг касб ва тилга тайёрланиши ҳамда ишга жойлашишига жавоб беради. Вилоят ҳокимлари бу борадаги натижаларни ҳар ой, туман ҳокимлари эса ойига икки марта кўриб чиқади.
Элчилардан иш берувчилар билан келишув тузиш билан чекланмасдан, квоталар, ишчи визалари ва малакани тан олиш масалаларини иқтисодий дипломатия орқали ҳал этиш талаб қилинди. Улар ҳокимлар билан бирга фуқароларнинг ишга жойлашиши ва янги муҳитга кўникишигача бўлган жараён учун масъул бўлади.
Хорижда меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Энди қийин вазиятга тушган фуқаро “Онлайн маҳалла” платформасида хабар қолдириши мумкин. Зарур ҳолларда элчининг ўзи унинг муаммоси билан шуғулланади. Ҳокимларга эса хорижда ишлаётганларнинг оилалари, ота-оналари ва фарзандларини қўллаб-қувватлаш вазифаси қўйилди.
– Чет элда меҳнат қилаётган бирорта юртдошимиз ўз муаммоси билан ёлғиз қолмаслиги керак, – деди давлатимиз раҳбари.
Йиғилишда меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларнинг бандлиги масаласи ҳам кўриб чиқилди. Йил бошидан буён 1 миллион 116 минг киши қайтган. Уларнинг орасида хорижда саноат, қурилиш, логистика ва хизмат кўрсатиш соҳаларида тажриба орттирган мутахассислар бор. Ҳокимлар ва тармоқ раҳбарлари уларнинг салоҳиятидан фойдаланиб, муносиб иш таклиф этиши зарурлиги қайд этилди.
Бунинг учун қайтган фуқароларнинг ишлаган жойи, касби ва стажи акс этадиган платформа яратилади. Йил якунигача уларнинг 250 минг нафарига мос иш топиш, тадбиркорлик қилишни истаганларга кўмаклашиш вазифаси белгиланди.
Хорижда орттирилган иш стажи ва пенсия ҳуқуқини тан олиш масаласига ҳам тўхталинди. Бугун юртдошларимиз 40 дан зиёд давлатда қонуний ишлаб, пенсия бадалларини тўлаяпти. Жорий йил Қирғизистон, Озарбайжон ва Туркия билан бу борада икки томонлама битимлар имзоланган. Фуқароларимиз кўп меҳнат қилаётган бошқа давлатлар билан ҳам шундай келишувларга эришиш топширилди.
Мамлакатимизга келаётган хорижий ишчи кучини тартибга солиш ҳам муҳокама қилинди. Ўзбекистонда узоқ муддат яшаётган чет элликлар сони 250 мингга яқинлашган. Улардан 36 минг нафари ишлашга рухсатнома олган, 24 минг нафари талаба. Қолганларнинг бандлиги ва даромад манбалари ҳақида аниқ маълумот бўлиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Шунингдек, янги иш ўринларига биринчи навбатда ўзимизнинг фуқароларни жойлаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилиш давомида соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлар билан мулоқот қилинди, ҳудудлар раҳбарларининг ахбороти тингланди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА мухбирлари