Руминия элчиси талабалар билан учрашув ўтказди
Руминиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Даниэль Кристиан Чобану пойтахтимиздаги Вебстер университети ҳамда Тошкент давлат юридик университети талабалари билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда элчи талабаларга Ўзбекистон ва Руминия муносабати, ривожланиш истиқболи ҳақида маълумот берди. Тадбир давомида сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги муносабат ижобий динамикаси кузатилаётгани алоҳида таъкидланди. Бунга асосий омил сифатида ўтказилган бир қатор муҳим тадбирлар кўрсатилди.

Шунингдек, автомобиль транспорти бўйича қўшма комиссияси йиғилиши каби қатор анжуманлар санаб ўтилди. Элчи Ўзбекистонга қилинган қатор муҳим ташрифларни ҳам тилга олди. Ўз ўрнида қайд этиш керак, Ўзбекистон делегацияларининг Руминияга ташрифлари ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Даниэль Кристиан Чобану мулоқот чоғида халқ дипломатияси доирасидаги ижодий ёндашувнинг муҳимлигини ҳам таъкидлади.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ҳозирги ислоҳотлар Руминия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш учун янги имкониятлар очаётгани қайд этилди. Шунингдек, элчи Руминия Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирди.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА