Руминия элчиси ЖИДУ талабалари билан учрашди
Руминиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Даниэль Кристиан Чобану Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Маданий ва жамоат дипломатияси мавзусида маъруза қилиб, талабалар билан суҳбатлашди, уларнинг саволларига жавоб берди.
Ушбу тадбир 19 февраль – румин ҳайкалтароши Константин Бранкузи таваллуд кунига бағишланди. Бу ижодкор XX асрнинг кўзга кўринган модернистларидан биридир.

2015 йил мамлакат парламенти 19 феврални “Бранкузи куни” сифатида эълон қилган ва меҳнат байрами сифатида нишонлашни белгилаган.
Турли соҳалар, жумладан маданият йўналишида Ўзбекистон – Руминия ҳамкорлиги жадал ривожланаётганини таъкидларкан, дипломат румин ҳайкалтароши ижоди ҳақида батафсил маълумот бериб, унинг “Чексиз устун”, “Сукут столи”, “Фазодаги қуш” каби машҳур асарларини ёдга олди. Шу билан бирга бугунги кунда жамоат дипломатиясида ҳам инновацион ёндашув муҳимлигини қайд этди.

Дарвоқе, Элчи Даниэль Кристиан Чобану мамлакатимизда фаолият олиб бораётган хорижлик дипломатлар орасида Ватанимиз учун муҳим саналарни ўзига хос тарзда нишонлашга одатлангани билан ажралиб туради. Масалан, у 2021 йил Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан 3309 метрлик Буюк Чимён чўққисига кўтарилиб, халқимизга қисқа видео-табрик йўллаган. 2022 йил Истиқлол куни арафасида Қашқадарё вилоятидаги баландлиги 4083 метр бўлган Ҳазрат Султон чўққисига кўтарилди. Эътиборлиси, бу гал жаноб Чобану байрам табриги акс этган видео лавҳада ўзбекча гапирди. Руминия дипломатиясининг 161 йиллигини эсда қоларли нишонлаш учун эса таниқли дипломат ҳаво шарида Самсарак – Паркент йўналиши бўйлаб 900 метр баландликкача кўтарилган ва роппа-роса 1 соат давом этган парвозни ҳам амалга оширди.
ЖИДУ жамоаси билан учрашув доирасида “Буюк Константин Бранкузи ижоди” номли фотокўргазма намойиш қилинди.

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА