Россиянинг АҚШдаги элчиси кутилмаганда вафот этди
Россия Федерациясининг Вашингтондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Александр Дарчиев 66 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Туркиянинг “Анадолу” ахборот агентлиги Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига таяниб хабар берди.
Россия ТИВ марҳумни юқори малакали дипломат, тажрибали раҳбар ва АҚШ масалалари бўйича етук мутахассис сифатида эътироф этди. Баёнотда Дарчиев Россия ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирида самарали фаолият юритгани таъкидланиб, унинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирилган.
Дастлаб расмий баёнотда дипломатнинг ўлим сабаби очиқланмаган эди. Кейинчалик Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Александр Дарчиев Москвада сурункали касаллик оқибатида вафот этганини маълум қилди.
Александр Дарчиев 1960 йил 14 майда туғилган. 1983 йилда Москва давлат университетининг тарих факультетини тамомлаган. 1992 йилдан дипломатик фаолият билан шуғулланган.
У Россиянинг АҚШдаги элчихонасида турли лавозимларда ишлаган, 2014–2021 йилларда мамлакатнинг Канададаги элчиси, кейинчалик Россия ТИВнинг Шимолий Америка департаментига раҳбарлик қилган.
2025 йил 6 мартда А.Дарчиев Россиянинг АҚШдаги элчиси этиб тайинланган эди.
А.Маматов, ЎзА