Россиялик журналистлар Тошкентда
Россиянинг таниқли “Первый канал” (ОРТ) ва “Известия” телеканаллари журналистларидан иборат бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари вакиллари Герцен номидаги Россия давлат педагогика университетининг Тошкентдаги филиалида бўлди.
Ташрифдан кўзланган мақсад филиалдаги ўқув жараёнлар билан жонли тарзда танишиш ва уларни ёритишдан иборатдир. Учрашувда Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов иштирок этиб, россиялик журналистларга интервью берди. Унда Ўзбекистон ва Россия ўртасида олий таълим соҳасида ҳамкорлик кенг қамровли ва узоқ муддатли эканлигини таъкидлади.

Учрашув давомида россиялик мухбирлар талабаларнинг касбий танловлари, кундалик ўқиш ва изланишлари, педагогика соҳасининг истиқболлари ҳақидаги фикрлари билан қизиқдилар. Олийгоҳда дарс берадиган профессор-ўқитувчилар ўзларининг инновацион ёндашувларига тўхталиб, талабанинг ўқишга иштиёқини оширадиган таълимнинг энг сўнгги намуналари ҳақида фикр юритдилар.

Айтиш керакки, Герцен номидаги Россия давлат педагогика университетининг Тошкентдаги филиали жорий ўқув йилида ўз эшикларини талаба-ёшлар учун очди ва қисқа муддат ичида катта қизиқиш уйғотди.
Н.Усмонова, ЎзА