Россиядан келаётган сайёҳлар сони ошмоқда
Россияликлар кузги саёҳат манзили сифатида Ўзбекистонни кўпроқ танлашмоқда. Россия туризм саноати уюшмаси (РСТ) маълумотларига кўра, шу йилнинг кузида юртимизга амалга оширилган саёҳатлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 65 фоизгача ошган.
Сайёҳлар Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивадаги халқаро даражадаги меҳмонхоналарни танлашмоқда. Бунда мамлакатимизнинг бир нечта шаҳарларига сайёҳат қилишни ўз ичига олган етти-саккиз кунлик дастурларга талаб катта. Шунингдек, гастрономик ва маданий йўналишлар ҳам оммалашмоқда. РСТ маълумотларига кўра, ўтган бир йил давомида Ўзбекистонга сайёҳлик турлари нархи 5-10 фоизга ошган.
Тўғридан-тўғри авиақатновларнинг кенгайиши ҳам сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилди. Хусусан, “Centrum Air” авиакомпанияси Тошкентдан Екатеринбург, Уфа ва Пермьга парвозларни йўлга қўйди.
Азиза Алимова, ЎзА