Россия ва Украина ўртасида ўзаро йирик ҳаво зарбалари амалга оширилди
РФ Украинага уруш бошлангандан буён энг йирик ҳаво ҳужумини амалга оширди. Киев эса жавоб зарбаси билан Россиянинг стратегик объектларини нишонга олди. Томонлар ўртасидаги зиддият яна кескинлашмоқда.
Бу ҳақда “The Times of India” хабар берган. Нашр маълумотига кўра, тунги амалиёт давомида Украинага жами 70 ракета, 611 дрон йўналтирилган. Украина ҳаво мудофааси кучлари ракеталарнинг 50 тасини, 582 дронни йўқ қилган. РФ Мудофаа вазирлиги билдиришича, асосан Киев, Харьков ва Днепр шаҳарларида жойлашган ҳарбий-саноат ҳамда авиация объектлари нишонга олинган ва белгиланган барча нишонлар муваффақиятли урилгани даъво қилинган.
Ўз навбатида Украина ҳам рақиб стратегик объектларига жавобан зарба амалга оширган. Президент Владимир Зеленский маълум қилишича, тунда Ярославль нефтни қайта ишлаш заводи ҳамда Тула вилоятидаги портловчи моддалар ишлаб чиқарувчи йирик “Азот” кимё комбинати кўзланган. Москвадаги расмийлар ҳам дрон ҳужумини тасдиқлаб, Ярославлдаги ёнилғи омборида кучли ёнғин юз берганини тан олган.
Зеленский таъкидлашича, узоқ масофага йўлланган ушбу зарбаларни Россия урушни тугатиш бўйича саъй-ҳаракатни рад этишига жавоб сифатида баҳолаш мумкин.
Ф.Яхшибоева, ЎзА