Россия ва Хитой раҳбарлари музокара ўтказди (+видео)
Хитой раҳбари Си Цзиньпин ва Россия Президенти Владимир Путин АҚШ Президенти Дональд Трамп билан бўлиб ўтадиган уч томонлама саммитдан бир кун олдин учрашди. Бу икки раҳбарнинг йил бошидан буён учинчи бевосита учрашуви, деб хабар берди “Euronews”.
Путин айтишича, Россия ва Хитой ҳамкорлиги изчил ривожланиб, икки халқ манфаати йўлида тобора мустаҳкамланмоқда. Шунингдек, у Москва ва Пекин дунёда янада адолатли, кўп қутбли тартибни шакллантириш тарафдори эканини таъкидлади.
Си Цзиньпин эса икки давлат ўртасидаги муносабатни “тоғ каби мустаҳкам ва собит” дея ифодалади.
Дарвоқе, пайшанба куни уюштирилиши кутилаётган Си Цзиньпин, Владимир Путин ва Дональд Трамп ўртасидаги музокара Киев ҳамда Европанинг бошқа давлатлари пойтахтларида хавотир уйғотган.
Уларнинг фикрича, уч давлат раҳбари Украина тақдири бўйича Киев иштирокисиз қарор қабул қилиши ёки дунёни янги таъсир доиралари орасида бўлиб олишга келишиши мумкин.
Дастлаб Вашингтон мулоқот давомида Украина мавзуси кўтарилмаслигини билдирган эди. Кейинроқ Трамп бу масала ҳам кун тартибидан ўрин олишини айтди. Си Цзиньпин эса Россия – Украина уруши Хитойга дахлдор эмас, деб ҳисоблайди.
Пекин учрашувга изоҳ бериб, етакчилар Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммити доирасида “бутун дунёда тинчликни сақлаш ва йирик давлатлар ўртасидаги стратегик барқарорликни мустаҳкамлаш” юзасидан атрофлича фикр алмашишини маълум қилди.
Вашингтон маълумотига кўра, музокара кун тартибидан Эрондаги уруш ва ядровий қуролсизланиш масаласи ҳам ўрин олган.
Хитой анчадан бери АҚШ ва Россия улкан ядровий қурол захирасини қисқартириши кераклигини таъкидлаб келади. Пекин фикрича, шундан кейингина Хитой ўз ядро қуролини чеклаш бўйича музокара бошлаши мумкин.
Кенжа Бекжонов, Салимжон Обиджонов (видео), ЎзА