Россия Украина билан уруш туфайли чет элдаги ҳарбий иштирокини камайтирмоқда
Россия Тартус денгиз базаси ва Ҳумаймим авиация қўналғасини Сурияга топшириб, ушбу мамлакатда қўшма ўқув ва малака маркази учун чекланган иштирокини сақлаб қолади. Москва ва Дамашқ кеча бу ҳақда тегишли келишув имзолаган. Дарвоқе, 26 август куни Россия Президенти Владимир Путин ва Сурия етакчиси Аҳмад Аш-Шараъ телефон орқали суҳбатда битимга содиқликларини яна бир бор тасдиқлаган эди.
“The National Interest” воқеани Россиянинг минтақадан ташқарида кенг кўламли ҳарбий иштирокини сақлаб қолиш қобилияти пасайиши белгиси сифатида баҳолаган.
Нашр ёзишича, Дамашқ бундай қадамни “Суриядаги Россия иштирокини қайта ташкил этиш” деб атаган. Бинобарин, чўзилган уруш шароитида Москва захирасини ўз чегарасига яқинроқ жойда жамлашга мажбур бўлаётгандек.
Масалан, РФ Тожикистон, Арманистон ва Грузиядаги ҳарбий кучини ҳам камайтириб, қайта жойлаштирмоқда. Таъкидланишича, Украинада шахсий таркибга нисбатан кучайган эҳтиёж Москванинг Африкадаги бошқа можароларга таъсир кўрсатиш қобилиятини чеклайди.
Айни пайт руслар ҳарбий-техник ҳамкорлик ва энергетика йўналишида Сурияга қизиқишни сусайтиргани йўқ. Дамашқ учун Москва қурол ва энергия етказиб берувчи бўлиб қоляпти. Демак, ҳар икки томон шерикликдан манфаатдор.
“The National Interest” Россия иштироки камайиши Москванинг ортиб бораётган ҳарбий йўқотиши ва Қора денгиздаги мавқеини мустаҳкамлаш зарурати билан боғлиқлигига урғу берган. Шунингдек, “Украина билан давомли уруш Россиянинг қудратли куч сифатидаги мақомини шубҳа остига олади”, дея хулоса қилган.
С.Раҳимов, ЎзА