Россия – нефть-газ ва энергетика соҳасида ишончли ҳамкор
Ўзбекистон ва Россия давлатлари ўртасида нефть-газ ва энергетика соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик мустаҳкамланиб бормоқда. Айниқса, “ЛУКОЙЛ”, “ИКС Холдинг”, “Зарубежнефть”, “ФОРУС” АЖ, “Татнефть” ва бошқа Россиянинг нуфузли компаниялари бундай манфаатли муносабатларда фаол қатнашмоқда.
Бугунги кунда ушбу йўналишда олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш мақсадида И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети, “ММФИ” Миллий тадқиқот ядро университети” Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси ва “МЭИ” миллий тадқиқот университети” федерал давлат бюджети олий таълим муассасасининг Тошкент шаҳар филиаллари фаолият кўрсатмоқда.
Икки давлатнинг ҳамкорликда амалга оширилган ишлари ҳақида тўхталадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси ва “ЛУКОЙЛ” компанияси ўртасида 2007 йилда “Жануби-Ғарбий Ҳисор ва Ўзбекистон Республикасининг Устюрт ҳудудларидаги конлар учун маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битим” имзоланган. Унга кўра, “ЛУКОЙЛ”нинг “Ҳисор” лойиҳаси Қашқадарё вилоятидаги 7 та конни ўз ичига олиб, 300 километр юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари, иккита подстанция, 126 километр кириш йўллари бунёд этилган.
2017 йилда “Гумбулоқ” ва “Одамтош” конларида асосий ишлаб чиқариш ва технологик объектлар ҳамда “Одамтош” газни тозалаш мажмуаси (ГТМ) ишга туширилди ва 1,8 миллиард куб метр қувватига эга “Одамтош” кучайтиргич компрессор станцияси (ККС) қурилиши якунланди. 2018 йилда газ қазиб олишнинг лойиҳавий қуввати йилига 5 миллиард кубга етказилди.
Бухоро вилоятидаги Қандим газни қайта ишлаш заводи мамлакатимизда илк бор жалб этилган инвестиция лойиҳаси асосида қурилган йирик корхона ҳисобланади. 2018 йилнинг 19 апрель куни ушбу заводнинг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этган эди. Умумий қиймати 3,5 миллиард доллар бўлган завод қурилиши Ўзбекистон Республикасидаги энг йирик “ЛУКОЙЛ” нефть компанияси лойиҳасидир.
Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги ушбу йирик иншоот йилига 8,1 миллиард метр куб газ ишлаб чиқариш қувватига эга. Эллик гектардан зиёд майдонда бунёд этилган, замонавий муҳандислик ва юқори технологик инфратузилмага эга ноёб мажмуа ҳисобланиб, қуввати 4,05 миллиард метр куб бўлган 2 та технологик линия мавжуд. Мазкур мажмуада газ, барқарор газ конденсати ва олтингугурт ишлаб чиқарилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Россия давлатлари нефть-газ ва энергетика соҳаларида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамламоқда. Жорий йилнинг 3 июнь куни Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Алишер Султонов россиялик ҳамкасби Николай Шульгинов билан энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилгани фикримиз далилидир.
Мазкур учрашувда томонлар ўзаро алоқаларни ривожлантириш, Россия компанияларининг Ўзбекистондаги энергетик лойиҳаларда жорий иштироки ва истиқболларини таҳлил қилди. Россия энергетика вазири Николай Шульгинов мазкур учрашувда таъкидлаганидек, Ўзбекистон том маънода Россиянинг энергетика соҳасидаги узоқ муддатли ҳамкоридир. Мамлакатлар ўртасида икки томонлама ва кўп томонлама яқин ва барқарор алоқалар ривожланган.
Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган халқаро иқтисодий форум доирасида “Ўзтрансгаз” АЖ ва "Газпромбанк" ўртасида 300 миллион долларлик қисқа муддатли бридж-молиялаштириш юзасидан келишув имзоланган.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунда Ўзбекистон ёшларининг нефть-газ ва энергетика соҳасида пухта билим олишида Россиядаги нуфузли олийгоҳларнинг мамлакатимизда очилган филиаллари фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 июндаги “Тошкент шаҳрида “Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳрида 2019-2020 ўқув йилида ушбу филиал ўз ишини бошлаган эди.
Филиал бакалавр ва магистратура йўналишлари бўйича барча даражадаги мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга ихтисослашган. Филиал республиканинг саноат тармоқларидаги муҳим илмий-технологик вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали муҳандис-техник кадрларни халқаро таълим стандартларига мос тайёрлайди.
Шу билан бирга, бу ерда наноматериаллар кимёвий технологияси, материалшунослик ва материалларни коррозиядан сақлаш, материалларга бадиий ишлов бериш технологияси ва саноат ишлаб чиқаришининг бошқа соҳаларида фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотлар ўтказилади.
Жорий йилнинг 27 май куни эса Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиалининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Республикамиздаги яна бир нуфузли олийгоҳлардан бири – “Москва муҳандислик-физика институти” Миллий тадқиқотлари ядро университетининг Тошкент филиалидир. Мазкур олий ўқув даргоҳи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 июлдаги “Тошкент шаҳрида «ММФИ» миллий тадқиқот ядро университети» федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг филиалини ташкил этиш ва унинг фаолиятини ташкиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси асосида ташкил этилган. Бугунги кунда бу ерда 200 нафарга яқин талаба тўрт йўналиш бўйича таълим олмоқда.
2019 йилда Тошкентда “Москва муҳандислик-физика институти” Миллий тадқиқотлари ядро университетининг илк хорижий филиали очилди.
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва Россиянинг “ИКС Холдинг” кўп тармоқли АТ-гуруҳи ҳамкорлиги билан энергетика саноатини рақамлаштириш концепцияси ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши ҳам кўзда тутилмоқда.
– Ўзбекистонни ривожлантиришнинг муҳим шартларидан бири бу мамлакат иқтисодий барқарорлиги бўлиб, бу кўп жиҳатдан энергетика соҳасининг ривожланишига боғлиқ, – деди Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев.
– Россиянинг “ИКС Холдинг” компанияси кўмаги билан энергетика саноатини рақамлаштириш концепцияси ишлаб чиқилмоқда. Мазкур чора-тадбирлар саноатни рақамли ўзгартириш жараёнининг бошланиши ҳисобланади. Бу иқтисодиёт ва аҳолини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича белгиланган вазифаларни жадаллаштиради.
Мухтасар айтганда, мамлакатимиз нефть-газ ва энергетика соҳаларини ривожлантиришда Ўзбекистон ва Россия давлатлари ўртасидаги стратегик шериклик ва ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланиши тизимни замон талаби даражасида такомиллаштириш билан бир қаторда, ўзбек халқининг турмуш тарзини яхшилаш ва фаровон ҳаётини таъминлашга хизмат қилади.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири