Россия делегацияси Ғалаба боғига ташриф буюрди
Россия Федерацияси Президенти Администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко Ўзбекистонга ташрифини пойтахтимиздаги Ғалаба боғидаги “Матонат мадҳияси” ёдгорлиги пойига гул қўйишдан бошлади.
Дастлаб меҳмонлар умумий тарихимиз ва унинг ёрқин саҳифалари, жумладан, Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабани алоҳида ҳурмат-эътибор билан ёд этиб, жанггоҳларда қаҳрамонларча ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.
Шундан сўнг делегация аъзолари мажмуа ичида жойлашган “Шон-шараф” музейи билан танишиб, уруш йилларида халқимиз кўрсатган жасорат ва матонат, фронтортидаги меҳнат фидокорлигига бағишланган экспозицияларни кўздан кечирди.
Ташриф давомида меҳмонларга музей жойлашуви, унинг барпо этилиш ғояси ва бу ерда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
[gallery-28751]
Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги дўстона муносабатлар, тарихий хотирани асраш ва келажак авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
С.Кириенко Ғалаба боғи мажмуасининг маънавий аҳамиятини юксак баҳолаб, мазкур маскан нафақат тарихий ёдгорлик, балки ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Юқори мартабали меҳмон мезей фахрий меҳмонлар китобига дасхат қолдирди.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Отабек МИРСОАТОВ (сурат),
ЎзА