Туркий давлатлар парламентлари раҳбарларининг норасмий учрашуви ташкил этилди
Парламентлараро иттифоқнинг Истамбулда ўтказилаётган 152 - ассамблеяси доирасида Туркий давлатлар парламентлари раҳбарларининг биринчи норасмий учрашуви ҳам бўлиб ўтди.
Унда Туркий давлатлар ташкилоти доирасида давлат раҳбарлари ўртасида шаклланган самарали ҳамкорлик натижасида иқтисодий ривожланиш, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳамда маданий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган қатор ташаббуслар амалга оширилаётгани қайд қилинди.

Иштирокчилар парламентларнинг ушбу жараёндаги ўрни ва аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, қонунчилик базасини такомиллаштириш, қабул қилинган қарорлар ижроси устидан таъсирчан парламент назоратини таъминлаш орқали ҳамкорликни янада кучайтириш, барқарор тараққиётни таъминлашда муҳим институт сифатида намоён бўлаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон томони туркий давлатлар ўртасида парламентлараро мулоқотни янада ривожлантириш, қонунчилик фаолиятини мувофиқлаштириш, таълим, фан, маданият ва иқтисодий ҳамкорлик соҳаларида қўшма ташаббусларни илгари суриш ҳамда илғор тажрибалар билан ўзаро ўртоқлашишга тайёр эканини билдирди.

Н.Абдураимова, ЎзА