“Роҳатой”да терим суръати баланд
Жорий йилда пахта хом ашёси етиштирувчи фермер хўжаликлари учун барча шароитлар яратилди.
Жорий йилда пахта хом ашёси етиштирувчи фермер хўжаликлари учун барча шароитлар яратилди.
Уруғлик чигит, минерал ўғит, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ўз вақтида дала бошига етказилиб берилди. Ана шу омиллар ва сувдан оқилона фойдаланиш, деҳқону-фермерларнинг фидокорона меҳнати эвазига далаларда мўл ҳосил тўплашга эришилди.
Эндиги асосий мақсад, ҳалол меҳнат ҳамда катта харажат эвазига етиштирилган пахта ҳосилини қисқа муддатларда ва сифатли йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этишдан иборат. Фарғона вилоятида ҳам мавсум уюшқоқлик билан ташкил этилган.
Фарғона вилояти Қува туманидаги "Роҳатой” фермер хўжалигида йиғим-терим ишларига 120 нафардан ортиқ теримчилар жалб қилинди. Биринчи теримнинг ўзида 18,7 гектар ерда парваришланган “С-8290” навли пахтадан 60 тоннадан зиёд ҳосил йиғиштириб олинди.
– Пахтачиликда кластер тизимининг жорий қилингани фермерлар манфаатдорлигини оширди, – дейди хўжалик раҳбари Турсунали Тешабоев. – Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, пахтачиликдан 500 миллион сўмдан ортиқ даромад оламиз. Далаларимизда ҳосил чўғи мўл. Мавсумда 90 тоннадан ортиқ пахта териб оламиз. Бу фермер хўжалигида қўшимча тармоқлар фаолиятини йўлга қўйиш, янги иш ўринлари яратиш имкониятини беради.
Пахтазорларда теримчи қизлар шижоат билан меҳнат қилмоқда. Пахта қабул пунктлари томон елиб бораётган карвонларнинг кети узилмайди. Барча яратувчилик ишқида меҳнат қилмоқда, юрт тинчлигига шукрона келтирмоқда.
– Халқимизнинг ризқ-насибаси терилаётган шундай кунларда уйда ўтириб бўладими, ахир, – дейди Ойсанам Умрзоқова оппоқ, лўппи пахталарни қўлга олиб. – Ҳар куни 120-150 килограммга етказиб пахта теряпман. Терилган ҳар килограмм пахтага минг сўмдан пул оляпмиз. Бепул тушлик, транспорт ажратиб берилган. Терим илғорлари фермер хўжалиги томонидан ҳам алоҳида рағбатлантириб бориляпти.
Пахта далаларида меҳнат завқи баланд. Чунки бугун умид билан ерга уруғ қадаган деҳқон ҳам, қалб амри билан далага чиқиб, етиштирилган ҳосилни йиғиштириб олишда иштирок этаётган теримчилар ҳам чаноқларда жамланган “оқ олтин” хирмонини юксалтириш мақсадида меҳнат қилмоқда.