Риштон туманидаги кўп асрлик кулолчилик анъаналари халқаро миқёсда эътироф этилди
Ҳиндистоннинг “Sarkaritel” нашри ҳудуднинг жаҳон кулолчилик марказларидан бири сифатидаги нуфузи, миллий ҳунармандчиликни асраб-авайлаш борасидаги ишлар ва сайёҳлик имкониятларига бағишланган мақола эълон қилди.
Нашр Риштоннинг 2025 йилда Жаҳон ҳунармандчилик кенгаши томонидан кулолчилик санъати йўналишида “Жаҳон ҳунармандчилик шаҳри” мақомига сазовор бўлганини ҳудуд ҳаётидаги муҳим воқеа сифатида қайд этган.
Мақолада Риштон кулолчилигининг тарихи Фарғона водийсининг қадимий маданий ва иқтисодий ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ экани таъкидланади. Археологик топилмалар ҳудудда кулолчилик қадим замонлардан буён ривожланганини кўрсатади. XIX асрга келиб эса Риштон Марказий Осиёда сирланган сопол буюмлар ишлаб чиқаришнинг муҳим марказларидан бирига айланган. Бу ерда тайёрланган маҳсулотлар водий ҳудудидан ташқаридаги бозорларга ҳам етказиб берилган.
Нашр Риштон кулолчилигининг ўзига хос жиҳати сифатида кўк-яшил ранглардаги сирланган буюмларни алоҳида тилга олган. Уларни тайёрлашда маҳаллий тупроқ билан бирга мис, кобальт ва бошқа табиий минераллардан фойдаланилади. Кулоллар авлоддан-авлодга ўтиб келаётган усуллар асосида буюмларга шакл бериш, нақш тушириш, сирлаш ва пишириш жараёнларини амалга оширади.
“Sarkaritel” мақоласида Рустам Усмонов, Равшан Тожиддинов ва Шокиржон Аҳмаджонов каби ҳунармандларнинг анъанавий кулолчиликни сақлаш ва уни янги услублар билан бойитишга қўшаётган ҳиссаси ҳам қайд этилган. Жумладан, Шокиржон Аҳмаджонов раҳбарлик қилаётган “Шокир мингбоши” оилавий кулолчилик маркази устоз-шогирд анъаналарининг давомийлигини таъминлаётган масканлардан бири сифатида кўрсатилган.
Риштоннинг халқаро нуфузини оширишда кулолчилик соҳасидаги халқаро ҳамкорлик ҳам муҳим ўрин тутади. 2025 йилда туманда II Халқаро кулолчилик форуми ўтказилиб, унда 26 мамлакатдан 100 нафардан зиёд кулол иштирок этган. Дастур доирасида кўргазма, маҳсулот савдоси, маҳорат дарслари ҳамда илмий-амалий муҳокамалар ташкил этилган. Шу даврда Риштон анъанавий кулолчилиги тарихи музейининг очилиши ҳам ҳудуднинг бой ҳунармандчилик меросини ўрганиш ва келажак авлодга етказишга хизмат қилувчи муҳим қадам сифатида баҳоланган.
Мақолада халқаро кулолчилик марказининг фаолиятига ҳам алоҳида ўрин берилган. Ушбу мажмуада икки қаватли 20 та кулоллар хонадони жойлашган бўлиб, уларнинг биринчи қавати устахона ва савдо майдонлари, иккинчи қавати эса оилавий яшаш учун мўлжалланган. Бу ерга келган сайёҳлар лойга ишлов беришдан тортиб, буюмларга шакл бериш, нақш солиш, сирлаш ва пиширишгача бўлган жараёнларни бевосита кузатиш имконига эга.
“Sarkaritel” нашри Риштонни Италиянинг Дерута, Туркиянинг Изник ва Вьетнамнинг Батчанг каби жаҳонга машҳур кулолчилик марказлари билан бир қаторга қўяр экан, ўзбек миллий ҳунармандчилигининг халқаро майдондаги нуфузи изчил ортиб бораётганини алоҳида таъкидлаган.
Д.ҲАКИМОВ,
ЎзА