РФ университети талабалари билан учрашув
Маълумки, замонавий дунёда халқ дипломатияси халқаро ҳамкорликнинг муҳим йўналишига айланди. Ўтган йиллар мобайнида соҳанинг институционал асослари яратилди, халқлар дўстлиги ва миллатлараро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда, илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Соҳада эгалланган билим ва тажрибани ёш авлодга етказиш, қизиқувчан ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази томонидан “Халқ дипломатияси мактаби” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур ташаббус доирасида юртимиз ва хориждаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшлар учун мунтазам равишда семинар-тренинг, маҳорат дарси ва амалий машғулотлар ташкил этиляпти.
Хусусан, куни кеча Марказда юртимизга ташриф буюрган Санкт-Петербург давлат университети талабалари билан учрашув ўтказилди. Делегация таркиби ушбу таълим муассасаси “Халқаро муносабатлар” факультети раҳбарияти ва талабаларидан иборат эди.

Мулоқот давомида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масаласи атрофлича муҳокама қилинди.
Марказ директори Қобилжон Собиров тузилма фаолиятининг устувор йўналишлари ҳақида батафсил маълумот бериб, жамоанинг асосий мақсади халқлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш, маданий алмашинув ва халқ дипломатиясини ривожлантириш эканини алоҳида таъкидлади. Бугунги кунгача амалга оширилган ишлар ҳақида гапириб, халқаро конференция, илмий семинар ва маданий тадбирлар тафсилотига тўхталди. Университет билан ўрнатилаётган ҳамкорлик ҳам биргаликдаги фаолиятни мазмунан бойитиши, ёшларнинг бу борадаги билимини оширишига ишонч билдирди.
СПДУ “Халқаро муносабатлар” факультети ёшлар сиёсати бўйича декан ўринбосари Николай Парфенёнок олий ўқув юртидаги мавжуд йўналишлар, илмий салоҳият ҳақида гапириб, халқаро ҳамкорлик кўламини кенгайтириш устувор йўналишдардан бири эканлигига урғу берди.

Тадбир қизғин мунозара, муҳосаба тарзида кечди. Талабалар турли мавзудаги саволларига Марказ раҳбаридан атрофлича жавоб олди.
Учрашув якунида Марказ ва Университет ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди. Жумладан қўшма лойиҳалар амалга ошириши, биргаликда маданий тадбирлар – давра суҳбати ва илмий-амалий конференциялар ташкил этиш, ёшларнинг халқ дипломатияси борасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлашга келишиб олдилар.
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати кўмагида тайёрланди.
Ғ.Хонназаров, ЎзА